Ўзбекистон ва Польша: иш берувчилар талабига мос кадрлар тайёрлаш ва ишга жойлаштириш бўйича амалий ҳамкорлик
2026-10-08 20:55:00 / Янгиликлар

2026 йил 8 октябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Польшанинг маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳудудий тузилмалари ва бизнес вакилларидан иборат делегация билан учрашди.
Музокараларда Ўзбекистон фуқароларини Польшада ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштириш, иш берувчиларнинг аниқ эҳтиёжларига мувофиқ мутахассислар тайёрлаш ҳамда ишчи визаларини расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳамкорликни аниқ лойиҳалардан бошлаш
Учрашувда қайд этилганидек, 2026 йил бошидан буён 500 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси Польшада мустақил равишда ишга жойлашган. Айни пайтда Миграция агентлиги Польшанинг асосан транспорт-логистика соҳасида фаолият юритувчи тўртта компанияси билан алоқаларни йўлга қўйган.
Ҳамкорликни қишлоқ хўжалиги, саноат ва бошқа йўналишларга ҳам кенгайтириш таклиф этилди.
Музокараларнинг муҳим натижаларидан бири — дастлаб 10–20 нафар мутахассисни Польшада ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштириш бўйича пилот лойиҳани амалга ошириш таклифи бўлди.
Ушбу ташаббусни Польшанинг Дрохичин ва Ўзбекистоннинг Нурафшон шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари асосида йўлга қўйиш имконияти кўриб чиқилди.
Аввал тайёргарлик, кейин муносиб иш
Миграция агентлиги директори хорижий иш берувчиларнинг аниқ буюртмалари асосида номзодларни Ўзбекистонда касбий ва тил жиҳатидан тайёрлаш имкониятларини тақдим этди.
Тайёргарлик дастурлари касбий кўникмалар, хорижий тил, меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ва маданий мослашув йўналишларини қамраб олади.
Номзодларнинг дастлабки малакасига қараб ўқув жараёни бир неча ойдан олти ойгача давом этиши мумкин. Тегишли сертификатларга эга мутахассислар учун эса бу муддат қисқартирилиши мумкин.
Польша делегацияси муайян вакансия учун аниқ номзодларни олдиндан тайёрлашга асосланган ёндашувни ижобий баҳолади.
Профессионал ҳайдовчилар ва юқори малакали кадрларга эътибор
Польша вакиллари мамлакатда профессионал ҳайдовчиларга талаб мавжудлигини таъкидлади.
Шу муносабат билан Агентлик Германия ва Япония билан ҳамкорликда ҳайдовчиларни Ўзбекистоннинг ўзида хорижий мутахассислар ва замонавий ўқув ускуналари ёрдамида тайёрлаш тажрибасини тақдим этди. Мазкур моделни Польша билан ҳам йўлга қўйиш таклиф қилинди.
Шунингдек, муҳандислар, архитекторлар ва бошқарув соҳасидаги олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш ва ишга жойлаштириш алоҳида истиқболли йўналиш сифатида муҳокама қилинди.
Ишчи визалари ва иш берувчилар билан тўғридан-тўғри алоқа
Учрашувда ташкиллаштирилган лойиҳалар доирасида танланган ва тайёргарликдан ўтган номзодлар учун ишчи визаларини расмийлаштиришни тезлаштириш механизмларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Польша томони ушбу масалани ҳудудий тузилмалар, бизнес бирлашмалари ва дипломатик каналлар орқали қўшимча ўрганишга тайёрлигини билдирди.
Бундан ташқари, Польша иш берувчилари xorijdaish.uz платформаси орқали ўзларига зарур мутахассислар бўйича талабномаларни тақдим этиши, Агентлик эса номзодларни саралаб, онлайн ёки бевосита суҳбатларни ташкил этиши мумкинлиги маълум қилинди.
Кейинги қадамлар
Учрашув якунида томонлар дастлабки пилот лойиҳа учун касблар ва малака талабларини аниқлаш, 10–20 нафар номзодни тайёрлаш, виза жараёнларини мувофиқлаштириш ҳамда Польша бизнес доиралари билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ишларни давом эттиришга қизиқиш билдирди.
Миграция агентлиги номзодларни танлаш, касбий тайёрлаш ва ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштириш жараёнларида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини тасдиқлади.







