«SBH West» билан — Германияда муносиб иш сари
2026-10-07 20:30:00 / Янгиликлар

85 нафар ҳайдовчи Германияда иш бошлади. Яна 77 нафар номзод эса навбатдаги босқичларга тайёрланмоқда. Энди бу тажрибани бошқа касблар ва ҳудудларга ҳам кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Германиянинг «SBH West» ташкилоти раҳбари Peter Niemann бошчилигидаги делегация, ҳунармандчилик палаталари ва иш берувчилар вакиллари билан учрашди.
Мулоқот марказида муҳим мақсад — фуқароларни хорижга шунчаки иш изловчи эмас, балки тил, касб ва амалий кўникмага эга тайёр мутахассис сифатида йўналтириш.
Амалдаги лойиҳа бу ёндашув ўз самарасини бераётганини кўрсатмоқда. Номзодлар Ўзбекистоннинг ўзида Германия томони талаблари асосида замонавий симуляторлар ва махсус ўқув дастурлари орқали тайёрланмоқда. Энди бу тизимни Андижон ва Самарқандда, кейинчалик бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтириш кўзда тутилган.
🤝Ҳамкорлик транспорт соҳаси билан чекланмайди. Учрашувда Германияда талаб юқори бўлган ҳунармандчилик касблари ва парвариш соҳаси учун ҳам мутахассисларни мақсадли тайёрлашга қаратилган янги лойиҳаларни бошлашга келишилди.







