Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан 2026 йилнинг июль–сентябрь ойларида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида брифинг
2026-10-05 18:00:00 / Брифинглар
Бугунги брифингда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан 2026 йилнинг июль–сентябрь ойларида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берамиз.
Жорий йилнинг III чорагида Миграция агентлигига жами 394 та топшириқ белгиланди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган 68 та ҳужжат асосида 135 та, Президент Администрацияси раҳбарининг 30 та ҳужжати асосида 44 та, Вазирлар Маҳкамасининг 62 та ҳужжати асосида 211 та топшириқ ижрога қаратилди.
Бугунги кунга қадар белгиланган топшириқлар ижроси тўлиқ ва сифатли таъминлаб келинмоқда.
Улар доирасида асосий эътибор хорижда ишлаш истагидаги фуқаролар учун қонуний ва муносиб меҳнат имкониятларини кенгайтириш, янги ташқи меҳнат бозорларини очиш, хорижий иш берувчилар билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни кучайтириш, номзодларни касб ва хорижий тилларга мақсадли тайёрлаш, шунингдек, хорижда ишлаётган юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилди.
Биринчи йўналиш — ташқи меҳнат бозорларини диверсификация қилиш.
Ҳисобот даврида Германия, Буюк Британия, Италия, Франция, Япония, Корея Республикаси ва бошқа давлатлар билан ҳамкорлик кенгайтирилди. АҚШ, Италия, Швеция, Франция ва Словения янги меҳнат йўналишлари сифатида қўшилди.
Жорий йилда 42 та давлатдаги 716 та иш берувчи ва рекрутинг ташкилоти билан музокаралар ўтказилиб, 132 та янги шартнома имзоланди.
Хорижий давлатларнинг ваколатли ташкилотлари билан музокаралар натижасида ўртача 1 минг 500 АҚШ доллари ва ундан юқори иш ҳақи таклиф этиладиган 262 минг 200 та янги иш ўрни аниқланди.
Мавсумий меҳнат йўналишлари ҳам кенгайтирилди. Илк бор 7 та давлат билан қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида мавсумий ишчиларни жалб этиш бўйича 12 та битим имзоланиб, жами 13 мингта иш ўрни бўйича келишувларга эришилди.
Фуқароларимизни анъанавий меҳнат йўналишлари билан бир қаторда юқори малака талаб этадиган соҳаларга жалб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, халқаро круиз кемалари, ахборот технологиялари ва авиация соҳаларида янги йўналишлар очилди, тиббиёт, логистика ва пайвандлаш соҳаларидаги имкониятлар кенгайтирилди. Ушбу йўналишларда жами 47 мингта иш ўрни аниқланди.
Амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилда 171 минг 200 нафар фуқаро хориждаги иш ўринларига жойлаштирилди.
Иккинчи муҳим йўналиш — номзодларни иш берувчилар талабига мос тайёрлаш.
Хорижий меҳнат бозорида тил биладиган ва касбий малакага эга мутахассисларга талаб юқорилигидан келиб чиқиб, 33 минг 300 нафар номзод хорижий тиллар ва талаб юқори бўлган касбларга ўқитишга жалб қилинди.
Хорижий компаниялар билан ҳамкорликда «касб + тил» тамойили асосидаги қўшма таълим лойиҳаларида 5 минг 700 нафар фуқаро тайёрланмоқда.
Қурилиш, транспорт, меҳмонхона хизмати, ошпазлик, тиббиёт ва бошқа талаб юқори бўлган соҳаларда мақсадли тайёрлаш тизими йўлга қўйилди.
Учинчи йўналиш — ишга жойлашиш жараёнларини соддалаштириш ва фуқароларни манзилли қўллаб-қувватлаш.
«Хорижда иш» ахборот тизимида касб ва хорижий тилни биладиган номзодлар учун соддалаштирилган электрон портфолио шакллантириш ҳамда «иш берувчи — фуқаро» ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот механизми жорий этилди.
Ҳозирда иш берувчилар талабига мос 90 мингдан ортиқ номзоднинг электрон портфолиоси шакллантирилган.
Ҳудудларда 43 та меҳнат ярмаркаси ва 1 минг 300 та танлов ташкил этилиб, уларда 231 мингдан ортиқ фуқаро иштирок этди.
Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам манзилли чоралар кўрилди. Хусусан, 11 минг 500 нафар фуқаронинг ишчи виза, йўл чиптаси, хорижий тил ёки малака сертификати ҳамда суғурта билан боғлиқ харажатлари Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилди.
Халқаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича ҳам қатор натижаларга эришилди.
Жорий йилда фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш соҳасида 7 та хорижий давлат билан келишувлар имзоланди.
Австрия, Швеция, Беларусь, Япония, Грузия, Сербия ва Чехия билан меҳнат мобиллиги, фуқароларни ташкилий тарзда ишга жойлаштириш ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш бўйича янги ҳуқуқий механизмлар шакллантирилди.
Миграция агентлиги қонунчилик ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш, амалга оширилаётган ишлар ҳақида жамоатчиликка очиқ ахборот бериб бориш, энг муҳими, фуқаролар учун қонуний, хавфсиз ва муносиб меҳнат имкониятларини кенгайтириш бўйича ишларни изчил давом эттиради.
