Корея Республикасида ишлаш учун номзодларни танлаш тартиби юзасидан
2026-10-03 12:30:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаронинг Корея Республикаси иш берувчилари томонидан танланмагани ҳамда SPAS базасидаги амал қилиш муддати тугаётгани ҳақидаги мурожаати юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Ўзбекистон фуқароларини Корея Республикасига EPS тизими орқали вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юбориш икки давлат ўртасидаги меморандум асосида ташкил этилади.
Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиш ишга жойлашишни кафолатламайди. Бу номзодга Корея иш берувчилари ўтказадиган танловларда иштирок этиш имконини беради. Номзодларни танлаш ҳуқуқи фақат иш берувчиларга тегишли бўлиб, Миграция агентлиги ёки бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ушбу жараёнга аралашишига йўл қўйилмайди.
SPAS базасида номзодлар маълумотлари икки йил давомида сақланади. Мазкур муддат EPS тизими орқали Кореяга ишчи кучи юборадиган барча 17 давлат фуқаролари учун бир хил белгиланган.
Маълумотлар базаси Кореянинг ваколатли органлари томонидан юритилади. Миграция агентлиги базадаги маълумотларни ўзгартириш, амал қилиш муддатини учинчи йилга узайтириш ёки номзоднинг иш берувчи томонидан танланишини таъминлаш ваколатига эга эмас.
Хорижда қонуний ишлаш имкониятлари бўйича маълумот ва маслаҳатларни Агентликнинг ҳудудий филиаллари ҳамда 1282 қисқа рақами орқали олиш мумкин.
