🌳 «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда янги тизимга ўтилади
2026-09-26 10:40:00 / Экофаол ходим

Эндиликда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида янги тизим қўлланилади. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 23 сентябрдаги 206-сонли Фармонида белгиланди.
Фармонга кўра, маҳаллаларда яшиллик даражасини оширишда ҳар бир одам учун 3 та дарахт, 30 фоиз дарахт сояси, 300 метр атрофида яшил ҳудуд бўлишини таъминлашни назарда тутувчи «3-30-300» халқаро стандарти жорий қилинади. Шунингдек, 2030 йилга қадар яшил боғлар ва яшил жамоат парклари сонини 1023 тага етказиш, 2026 йилда «Яшил макон» доирасида куз мавсумида 257 та яшил боғ ва яшил жамоат парклари яратиш, 2030 йилга қадар ҳар бир туман ва шаҳарда камида 5 тадан умумий узунлиги 10 кмдан кам бўлмаган сояли сайр кўчалари яратиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб республикада тозалик ва озодалик долзарб икки ойлиги ўтказилади. Бунда 1 октябрдан яшил ҳудудлар жойлашуви аниқланади, ерлар тайёрланади, кўчат ва буталар захираси яратилади. 2026 йил 1 ноябрдан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмда, 2026 йил 5 ноябрдан Бухоро ва Навоий вилоятларида, 2026 йил 10 ноябрдан Андижон, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида, 2026 йил 20 ноябрдан эса Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида кўчат ва буталар экиш мавсуми бошланади.
Қолаверса, Фармонга кўра, 2027 йил 1 январдан «Яшил маҳалла» лойиҳаси доирасида «Маҳаллани яшиллаштириш» пакети жорий қилинади. Лойиҳа доирасида маҳаллаларга ўрмончи-мураббий ходим бириктирилади. «Маҳалла еттилиги» аъзолари ҳар экиш мавсуми олдидан ўқитилади. Фуқароларга экиш, суғориш, мульчалаш, компост тайёрлаш, дарахтни парваришлаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш борасида маълумот беради.
Шу билан бирга, 2026 йил куз мавсумида бошлаб ер майдони чекланган маҳаллаларда, кўп квартирали уйлар оралиғида, мактаб ва боғчалар ҳовлиларида маҳалла микроўрмонлари ташкил этилади. Бунда 200–1000 метр квадрат майдонда ҳар бир метр квадратга камида 2 та дарахт ва бута кўчатини зич экиш усули (қатламлаб) қўлланади. Ер ажратиш имконияти бўлмаган ёки бетон ва асфальт қопламали ҳудудларда жамоатчилик кичик боғлари ташкил этилади.
