🌳 «Яшил макон»: маҳаллаларда сояли сайр кўчалари ташкил этилмоқда
2026-09-21 11:00:00 / Экофаол ходим

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида республикада барча маҳаллаларда яшил ҳудудлар барпо этилмоқда. Хусусан, Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳридаги «Сайқал» маҳалласи «яшил» маҳаллага, аҳоли юрадиган тротуарлар эса сояли сайр кўчаларига айлантирилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистонда Президент ташаббуси билан 2021 йилдан бошлаб «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида бугунга қадар ҳар йили баҳор ва куз мавсумларида жами 200 миллион донадан кам бўлмаган мевали ва манзарали дарахт ҳамда бута кўчатларини экиб келинмоқда. Шунингдек, «Ўзбекистон–2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Президент Фармонига кўра, юртимиздаги аҳоли юрадиган асосий тротуарларда «Сояли сайр кўчалари» тармоғини яратиш белгилаб берилган. Бу ҳаво ифлосланишини 5–10 фоизга ва тротуарлар бўйлаб ҳаво ҳароратини 3–5 даражага камайтиради. Қолаверса, аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириб, соғлом турмуш тарзини олиб бориш имкониятини яратади.
«Сайқал» маҳалласи ҳудудида 550 туп дарахт ва бута кўчатлари экилиб, 700 метр ҳудуд кўкаламзорлаштирилади. Натижада жазирама вақтида салқинлик таъминланиб, ер сиртидаги ҳарорат +43 даражадан +35 даражага, асфальт сиртида эса +48 даражадан +39 даражагача тушади.
Таъкидлаш жоизки, ҳудудларда яшиллик даражасини оширишда 3-30-300 тамойилига амал қилинмоқда. Бунда ҳар бир инсон ўз уйи деразасидан камида 3 туп катта дарахтни кўра олиши керак. Бу инсон руҳиятига ижобий таъсир қилиб, стрессни камайтиради ва диққатни жамлашга ёрдам беради. Шунингдек, ҳар бир маҳалланинг (ёки туман ҳудудининг) камида 30 фоизи дарахтлар билан қопланган бўлиши лозим. Бу шаҳарлардаги жазирама иссиқни (иссиқлик ороллари эффектини) камайтириш, ҳавони тозалаш ва соялиликни таъминлаш учун зарур бўлган минимал миқдордир.
Бундан ташқари, ҳар бир хонадон энг яқин истироҳат боғи, хиёбон ёки яшил ҳудуддан узоғи билан 300 метр масофада жойлашиши керак. Бу тахминан 5 дақиқалик пиёда йўл демакдир. Бундай яқинлик инсонларни фаол жисмоний ҳаракатга, тоза ҳавода сайр қилишга ва ижтимоий мулоқотга ундайди. Бугунги кунда 3-30-300 тамойили бутун дунёда кўплаб илғор шаҳарларни режалаштиришда ва экологик стратегияларни тузишда кенг қўлланилмоқда.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар республикадаги яшиллик даражасини ошириш, иқлим ўзгаришлари оқибатларини юмшатиш каби мақсадларга тезроқ эришишга хизмат қилади.
