РОССИЯГА ИШГА БОРИШДАН ОЛДИНГИ ЖАРАЁНЛАР: ЯНГИ МЕХАНИЗМ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
2026-09-29 19:25:00 / Янгиликлар

Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Алексей Ерхов билан учрашди.
Музокараларда Россияда ишлаш истагида бўлган номзодларни ташкиллаштирилган тартибда ишга йўналтириш механизмларини такомиллаштириш ҳамда боришдан олдинги асосий жараёнларни Ўзбекистоннинг ўзида ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, «бир жойда барча жараёнлар» тамойили асосида комплекс марказ ташкил этиш таклиф қилинди. Унда сафардан олди тестлари, тиббий кўрик, биометрия ва дактилоскопиядан ўтиш, ҳужжатларни текшириш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, рус тили имтихонларини топшириш учун Тошкентга келиши билан боғлиқ вақт ва харажатларини камайтириш мақсадида жараёнларни ҳудудларда ташкил этиш масаласи кўтарилди. Бунинг учун 4 та ҳудудда зарур инфратузилма тайёрланган.
Асосий мақсад — Россияда ишлашни режалаштирганлар қаерда, қайси корхонада ва қандай шароитда ишлашини аниқ билиши, зарур ҳужжат ва жараёнларни олдиндан расмийлаштириши ҳамда аниқ иш берувчининг буюртмаси асосида қонуний ва тушунарли йўл билан боришини таъминлаш.


