❗️Депутатлар болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳасини бир овоздан қўллаб-қувватлади
2026-09-29 17:45:00 / Қонунчиликдаги янгиликлар

✔️Олий Мажлис Қонунчилик палатасида болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилиниб, депутатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.
✔️Муҳокамаларда таъкидланганидек, лойиҳа фақат жазони кучайтиришни эмас, балки болани зўравонликдан ҳимоя қилишнинг яхлит ҳуқуқий механизмини шакллантиришни назарда тутади. Хусусан, зўравонлик содир этган шахсга нисбатан жавобгарликни кучайтириш, жабрланган болага ҳуқуқий, психологик ва бошқа ёрдамларни кўрсатиш, шунингдек, масъул давлат органлари ва ташкилотларининг масъулиятини ошириш бўйича нормалар таклиф этилмоқда.
✔️Лойиҳада боланинг жиноят иши юритилиши жараёнида қайта-қайта сўроқ қилиниши натижасида руҳий босимга дуч келишининг олдини олиш масаласига ҳам эътибор қаратилган. Амалда вояга етмаган жабрланувчини сўроқ қилишда қонуний вакил, педагог ва психолог иштирок этиши, сўроқ давомийлиги бўйича чекловлар ҳамда айрим тоифадаги ишлар бўйича махсус жиҳозланган хоналардан фойдаланиш каби процессуал кафолатлар мавжудлиги қайд этилди.
Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси томонидан киритилган.
