Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида меҳнат соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди
2026-09-26 17:00:00 / Янгиликлар

Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Александр Огородников билан учрашди.
Унда ҳамюртларимизни Беларусга, хусусан, Витебск вилоятига уюшган тартибда ишга жойлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Вилоят иш берувчилари 800 га яқин ходимга эҳтиёж билдирган. Андижон вилоятидан тақдим этилган номзодлар ҳужжатлари текширилиб, ҳозирга қадар 204 нафарлик рўйхат шакллантирилди. Танловга бошқа ҳудудлар ҳам жалб этилади.
Иш ўринлари чорвачилик, тракторчилик, ҳайдовчилик ва ёрдамчи ишлар йўналишларида таклиф этилмоқда. Номзодларнинг ҳужжатлари ва касбий кўникмалари дастлабки босқичда текширилади, якуний танлов эса Беларусь иш берувчилари билан онлайн суҳбатлар асосида ўтказилади.
Шунингдек, фуқароларнинг йўл харажатларини иш берувчи томонидан олдиндан қоплаш имкониятини ўрганиш таклиф этилди.


