Корея меҳнат бозорида ўзбекистонлик мутахассислар учун янги имкониятлар муҳокама қилинди
2026-09-16 12:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Корея Республикасига олий даражадаги ташрифи доирасида Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Кореянинг қурилиш ва бандлик соҳасида фаолият юритувчи компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.
Хусусан, “Worksmate Inc.” компанияси асосчиси ва ижрочи директори Севон Ким ҳамда “Hyun Ju” бандлик компанияси бош директори Сидок Ли билан учрашувда Ўзбекистон фуқаролари учун Корея меҳнат бозоридаги имкониятларни кенгайтириш, E-9 дастури доирасидаги ҳамкорлик самарадорлигини ошириш ҳамда малакали мутахассисларни E-7 визаси асосида жалб қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
E-9: қурилиш соҳасида иш берувчилар билан алоқаларни кенгайтириш
Учрашувда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги амалдаги EPS тизими доирасида фуқаролар E-9 ишчи визаси асосида Корея Республикасига ташкилий тарзда юборилаётгани қайд этилди.
Шу билан бирга, EPS-TOPIK имтиҳонларининг қурилиш йўналишидан муваффақиятли ўтган номзодларни кореялик иш берувчилар томонидан танлаб олиш жараёнини фаоллаштириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Миграция агентлиги Кореянинг қурилиш компаниялари билан тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ва иш берувчиларни ўзбекистонлик номзодлар салоҳияти билан яқиндан таништириш бўйича ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилди.
Бу борада “Worksmate Inc.” компанияси томонидан бошқариладиган GADA рақамли платформаси имкониятлари тақдим этилди.
“Worksmate Inc.” 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, қурилиш соҳасида иш берувчилар ва иш изловчиларни рақамли технологиялар орқали боғлашга ихтисослашган. Компания маълумотига кўра, GADA Кореядаги 1 500 дан ортиқ қурилиш компаниялари билан ҳамкорлик қилади. Платформа ишчиларнинг иш тажрибаси ва меҳнат фаолиятига оид маълумотларни юритиш, зарур ҳужжатларни рақамли шаклда бошқариш ҳамда иш берувчи ва ишчи ўртасидаги жараёнларни соддалаштириш имконини беради.
Музокаралар давомида Миграция агентлигининг “Xorijda ish” электрон платформаси ҳамда GADA платформасини ўзаро интеграция қилиш имконияти муҳокама қилинди. Бундай механизм Ўзбекистондаги қурилиш соҳаси мутахассисларини Кореядаги иш берувчилар билан самарали боғлаш учун қўшимча имконият яратиши мумкин.
Бунда Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Агентлик фуқароларга оид маълумотларни қайта ишлаш ва сақлашда Ўзбекистон қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилиниши зарурлигини билдирди.
E-7: малакали кадрлар учун истиқболли йўналиш
Учрашувнинг яна бир муҳим мавзуси Корея қурилиш соҳасига малакали хорижий мутахассисларни E-7 визаси асосида жалб қилиш истиқболлари бўлди.
“Worksmate Inc.” вакиллари Кореянинг тегишли тузилмалари иштирокида Ўзбекистон, Вьетнам, Монголия ва Таиланддан қурилиш соҳаси учун малакали мутахассисларни жалб қилишга қаратилган лойиҳа режалаштирилаётгани ҳақида маълумот берди.
Тақдим этилган дастлабки талабларга кўра, касб-ҳунар таълими битирувчилари учун 5 йиллик иш тажрибаси, бакалавр даражасига эга мутахассислар учун диплом ва камида 1 йиллик иш тажрибаси талаб қилиниши кўзда тутилган. Магистратура битирувчилари учун эса иш стажи талаби назарда тутилмаган.
Шунингдек, тақдим этилган маълумотларга кўра, бошланғич ойлик иш ҳақи 2 156 880 вондан бошланиши ва мутахассиснинг малакаси ортиши билан иш ҳақи ҳам ошиб бориши мумкин.
Миграция агентлиги ушбу йўналишда кадрларни олдиндан ва мақсадли тайёрлаш моделини таклиф қилди. Унга кўра, Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари талабаларига корейс тилини ўргатиш, уларнинг тегишли касбий малакасини шакллантириш, маҳаллий қурилиш корхоналарида зарур иш тажрибасини орттириш ва кейинчалик Корея меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган мутахассисларни ишга йўналтириш имкониятлари кўриб чиқилади.
Мазкур ёндашув хорижий меҳнат бозорига фақат ишчи кучини етказиб бериш эмас, балки тил, касб ва амалий тажрибага эга рақобатбардош мутахассисларни тайёрлашга қаратилган.
Ҳамкорлик бўйича ният хати имзоланди
Музокаралар якунида Миграция агентлиги ва “Worksmate Inc.” ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва муҳокама қилинган йўналишларни биргаликда ўрганиш бўйича ният хати — LOI имзоланди.
Шунингдек, “Worksmate Inc.” раҳбарияти ва ишчи гуруҳи амалий музокараларни давом эттириш, Ўзбекистондаги кадрлар тайёрлаш тизими ва қурилиш соҳаси мутахассислари салоҳияти билан яқиндан танишиш учун Ўзбекистонга таклиф қилинди.
Қайд этиш лозим, E-7 йўналиши бўйича ҳозирча фуқароларни ишга қабул қилиш бошланган эмас. Айни пайтда томонлар келгусида мазкур механизмни йўлга қўйиш имкониятлари ва талабларини муҳокама қилмоқда.
Миграция агентлиги томонидан олиб борилаётган музокаралардан асосий мақсад — Корея меҳнат бозорида Ўзбекистон фуқаролари учун мавжуд йўналишларни кенгайтириш, иш берувчилар билан тўғридан-тўғри алоқаларни кучайтириш ҳамда малакали мутахассислар учун юқори даромадли иш имкониятларини босқичма-босқич кўпайтиришдан иборат.




