ЎЗБЕКИСТОН — КОРЕЯ: 30 ЙИЛЛИК ҲАМКОРЛИК ҚАНДАЙ ЎЗГАРДИ?
2026-09-16 18:00:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида меҳнат мобиллиги соҳасидаги ҳамкорликка 30 йилдан ошди.
Бу даврда нималар ўзгарди?
Оддий ишга жойлаштиришдан бошланган ҳамкорлик бугун Ўзбекистоннинг ўзида Корея меҳнат бозори талабларига мос мутахассис тайёрлаш даражасига етди.
Ҳаммаси 1994 йилда бошланган.
Дастлаб корейс компаниялари ва ташкилотлари билан тўғридан-тўғри келишувлар асосида фуқаролар ишга жойлаштирилган бўлса, 2007 йилдан янги ва тизимли механизм — EPS дастури ишга тушди.
Натижа рақамларда ҳам кўринади.
2007 йилдан бугунги кунга қадар E-9 визаси асосида қарийб 50 минг нафар ўзбекистонлик Кореяда ишга жойлаштирилди.
Аммо йиллар давомида Корея меҳнат бозорининг талаби ҳам, номзодларни танлаш мезонлари ҳам ўзгарди.
Энди фақат тил билиш эмас — касбий кўникма, тажриба ва амалий тайёргарлик ҳам муҳим.
Шунга мос равишда ҳамкорлик йўналишлари ҳам кенгайиб борди.
E-9 дастурига E-8 мавсумий иш йўналиши қўшилди. Кейин эса қишлоқ хўжалиги, кемасозлик, қурилиш, тоғ-кон ва ўрмон хўжалиги каби янги соҳаларда имкониятлар очилди.
Энг муҳим ўзгариш эса — кадр тайёрлаш тизимида.
Бугун кореялик иш берувчилар фақат тайёр мутахассисни кутиб ўтирмайапти. Улар Ўзбекистоннинг ўзида кадр тайёрлаш жараёнида иштирок этяпти.
Ульсан шаҳар ҳокимлиги ва Hyundai Heavy Industries билан ҳамкорликда Фарғонада йўлга қўйилган дастур — бунга аниқ мисол.
Бу ерда номзодлар корейс тили ва маданияти, меҳнат хавфсизлиги ҳамда кемасозлик соҳасидаги аниқ касблар бўйича кореялик мутахассислар томонидан тайёрланмоқда.
2025–2026 йилларда дастур доирасида 668 нафар фуқаро тайёрланди. 554 нафари эса Hyundai компаниясида иш бошлади.
Қизиқиш ҳам юқори.
Бу йил EPS-TOPIK имтиҳонида иштирок этиш учун 8 мингдан ортиқ номзод рўйхатдан ўтди. Икки босқичли танлов якунида 1 454 нафар номзод малака синовидан муваффақиятли ўтди.
Демак, 30 йиллик ҳамкорликнинг бугунги формуласи ўзгаряпти:
тил + касб + малака + қонуний иш.
Энди асосий мақсад — шунчаки кўпроқ одам юбориш эмас, балки Корея меҳнат бозорида рақобатбардош, юқори малакали ўзбекистонлик мутахассислар учун янги имкониятларни очиш.
Олий даражадаги мулоқотлар эса Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида шаклланган ушбу узоқ йиллик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун яна бир муҳим имкониятдир. Меҳнат мобиллиги соҳасидаги узоқ йиллик тажриба эса кейинги ташаббуслар учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
