Япон компаниялари учун мутахассислар Ўзбекистонда тайёрланади
2026-09-18 12:30:00 / Янгиликлар

Миграция агентлиги раҳбари Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Японияда «KEIDANREN» ва етакчи компаниялар иштирокидаги давра суҳбатида иш берувчининг аниқ эҳтиёжи асосида кадрлар тайёрлаш таклифини илгари сурди.
Бунда япон компаниялари зарур касблар ва малака талабларини белгилаш, ўқув дастурларини шакллантириш ҳамда номзодларни баҳолашда иштирок этиши кўзда тутилмоқда.
📊 Япония билан миграция соҳасида бугунги ҳамкорликлар:
🔹Ангренда Proud Partners билан очилган Uzbekistan Proud Academy марказида 140 дан ортиқ ҳайдовчи бепул тил ва касбий тайёргарликдан ўтмоқда.
🔹Тошкентда Onodera User Run ва Willer Express билан ҳайдовчилик, парвариш ва умумий овқатланиш йўналишларида тайёрлов дастурлари йўлга қўйилган.
🔹Қаршида Orion Computer Co., Ltd. билан япон тили синфи очилган, қурувчиларни тайёрлаш режалаштирилмоқда.
🔹200 дан ортиқ юртдошимиз Shimizu Corporation объектларида ишламоқда. Onodera User Run, Proud Partners ва Orion Computer Co., Ltd. лойиҳалари доирасида камида 576 та иш ўрни шакллантирилган.
💬 «Биз учун асосий кўрсаткич фақат ишга юборилган фуқаролар сони эмас, балки уларнинг тайёргарлик сифати, шартнома шартларига риоя этилиши, бандлигининг барқарорлиги ва касбий ўсишидир», — дея таъкидлади Муҳсинхўжа Абдураҳмонов.
«KEIDANREN» — Япониянинг етакчи компаниялари ва тармоқ уюшмаларини бирлаштирувчи бизнес федерацияси.



