Расмий муносабат
2026-09-11 13:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси ходимлари Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Элчихонаси вакиллари билан биргаликда Москва шаҳридаги «Коммунарский» ички ишлар бўлимига бориб, Ўзбекистон фуқароларининг ушланиши билан боғлиқ ҳолатни ўрганди.
Россия томони тақдим этган маълумотга кўра, «Коммунарка-1» ҳудудидаги хостелда ўтказилган тадбир давомида 32 нафар хорижий фуқаро, жумладан, 7 нафар Ўзбекистон фуқароси ички ишлар бўлимига олиб кетилган.
Ҳолат ўрганилиши натижасида 6 нафар юртдошимиз қўйиб юборилган. Бир нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан Россия Федерацияси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси асосида маъмурий баённома расмийлаштирилган. У ҳужжатлар расмийлаштирилгач, Россия Федерацияси ҳудудидан маъмурий тартибда чиқариб юбориш учун хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилиши маълум қилинган.
Шунингдек, интернет тармоғида «Коммунарский» ички ишлар бўлими биносида фуқаро вафот этгани ҳақида тарқалган хабарларга ҳам аниқлик киритилди.
Ички ишлар бўлими масъулларининг маълум қилишича, бўлимга олиб келинган шахслар орасида ўлим ҳолати қайд этилмаган. Шу боис, интернет тармоғида тарқалаётган фуқаронинг вафот этгани ҳақидаги маълумот ўз тасдиғини топмади.
Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси вазиятни назоратга олган.
