ЯПОНИЯДА 1 ОКТЯБРДАН МИГРАЦИЯ ТЎЛОВЛАРИ ЎЗГАРАДИ
2026-09-08 11:00:00 / Янгиликлар

Японияда 2026 йил 1 октябрдан хорижий фуқаролар учун яшаш мақомини ўзгартириш ва қолиш муддатини узайтириш билан боғлиқ тўловлар оширилади.
💴 Ҳозирда ушбу хизматлар учун тўлов ариза бериш усулига (идора / онлайн) қараб 5 500–6 000 иенани ташкил этади. Янги тартибга кўра, тўлов миқдори берилган яшаш муддатига қараб белгиланади.
💴Биринчи сумма — идорада, иккинчиси — онлайн мурожаат учун:
— 3 ойгача — 10 000 / 10 000 иена
— 3–6 ой — 18 000 / 15 000 иена
— 6 ойдан 1 йилгача — 25 000 / 21 000 иена
— 1 йил — 33 000 / 27 000 иена
— 1–3 йил — 48 000 / 42 000 иена
— 3–5 йил — 64 000 / 56 000 иена
— 5 йил ва ундан ортиқ — 75 000 / 65 000 иена.
Шунингдек, доимий яшаш ҳуқуқини олиш учун тўлов 10 000 иенадан 200 000 иенага оширилади.
Қайта кириш рухсати ва ишлаш мақоми гувоҳномаси учун асосий тўловлар ўзгармайди. Бироқ онлайн тўловда алоҳида транзакция комиссияси ундирилади.
❗️Муҳим: 2026 йил 30 сентябрга қадар қабул қилинган аризаларга эски тарифлар қўлланади. Ариза бўйича рухсат 1 октябрдан кейин берилса ҳам, тўлов аввалги миқдорда қолади.
💻 1 октябрдан онлайн аризалар бўйича тўлов конбини (convenience store) ёки банк орқали амалга оширилади. Кредит карта ва QR-код орқали тўлов қабул қилинмайди.
⚠️ Фирибгарлардан огоҳ бўлинг!
Онлайн аризалар бўйича тўловга оид расмий хабарлар фақат @service-dgft.com доменидан юборилади. Бошқа электрон манзиллардан келган тўлов талаблари фирибгарлик бўлиши мумкин. Бундай хатлардаги ҳаволаларга кирманг ва тўловни амалга оширманг.
Эслатма: мазкур ўзгариш Японияга кириш визаси учун эмас, Япониядаги яшаш мақоми билан боғлиқ миграция процедураларига тааллуқли.
🔗Манба
