КОРЕЯ E-9 ВИЗАСИ БЎЙИЧА АЙРИМ ЎЗГАРИШЛАРНИ БЕЛГИЛАДИ
2026-09-07 11:40:00 / Янгиликлар

Корея Республикасининг Хорижий ишчи кучи сиёсати қўмитаси Қозоғистонни EPS — хорижий ходимларни ишга қабул қилиш тизимига киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Қозоғистон фуқароларини қабул қилиш 2028 йилдан бошланиши режалаштирилган.
Шу тариқа, EPS тизимига кирувчи Марказий Осиё давлатлари сони тўрттага етди: Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон.
🏗 ҚУРИЛИШ СОҲАСИДА НИМА ЎЗГАРАДИ?
Амалда E-9 визаси асосида қурилиш соҳасида ишлаётган фуқаролар муайян объектга бириктирилади. Уларни бошқа объектга ўтказишга, асосан, қурилиш ишлари тугаган ёки тўхтатилган каби чекланган ҳолатларда рухсат берилади.
Янги тартибга кўра, ходим ўтказилиши режалаштирилаётган объект E-9 бўйича ишга қабул қилиш рухсатномаси талабларига жавоб берса, уни айни бир қурилиш компаниясига, яъни бир иш берувчига қарашли бошқа объектга ўтказиш мумкин бўлади.
Мазкур тартиб 2026 йилги тўртинчи босқич E-9 ишга қабул қилиш рухсатномаларига оид аризалардан бошлаб қўлланилиши режалаштирилган. Ушбу босқичда аризалар 14–29 сентябрь кунлари қабул қилиниб, қурилиш соҳаси ҳам қамраб олинади.
❗️Бу E-9 ходимига бошқа компания ёки иш берувчига эркин ўтиш ҳуқуқи берилганини англатмайди. Енгиллик фақат бир иш берувчига қарашли қурилиш объектлари ўртасидаги ўтказишга тааллуқли.
🔗 Манба: Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги
