Россия Федерациясида юртдошларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича муҳим келишувларга эришилди
2026-09-02 09:00:00 / Янгиликлар
Москва шаҳрида Ўзбекистон ва Россия мутасадди идоралари вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Музокараларда Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев, Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев ва Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов иштирок этди. Россия томонидан Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари қатнашди.
Учрашувда фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жумладан:
— фуқароларимиз билан боғлиқ ҳуқуқий масалалар юзага келганда тезкор ахборот алмашиш;
— текширувлар жараёнида уларнинг қонуний ҳуқуқларига қатъий риоя этилишини таъминлаш ва мураккаб ҳуқуқий вазиятга тушган фуқароларга кўмаклашиш;
— назорат қилинувчи шахслар реестри билан боғлиқ масалалар;
— Россияга уюшган тартибда ишга жойлаштириш ва кетишдан олдин касбий тайёрлаш механизмларини такомиллаштириш муҳокама қилинди.
🤝 Томонлар фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тезкор ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди.
Манба: UPL.UZ
