Расмий муносабат
2026-08-27 09:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Миграция агентлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилган "Фойдаланилиши чекланган ахборотлар рўйхати" асосида Агентликнинг молиявий маълумотлари жамоатчиликдан яширилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 3299-сон буйруғи билан тасдиқланган Низомда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жамоатчиликка очиқланиши лозим бўлган маълумотлар, жумладан, молиявий маълумотларни расмий веб-сайтларда жойлаштириш тартиби белгилаб берилган.
Мазкур талабларга мувофиқ, Миграция агентлигининг расмий веб-сайтидаги "Молиявий ҳисоботлар" бўлимида қонунчиликда очиқланиши назарда тутилган молиявий маълумотлар мунтазам жойлаштириб борилмоқда.
Шу ўринда очиқ молиявий ҳисоботлар билан фойдаланилиши чекланган ички бухгалтерия ҳужжатларини бир-биридан фарқланади. Бирламчи бухгалтерия ҳужжатлари, бухгалтерия регистрлари ва ички хизмат ҳужжатларининг веб-сайтга жойлаштирилиши қонунчиликда мажбурий талаб сифатида белгиланмаган.
Шунингдек, алоҳида ходимнинг иш ҳақи, устама ва мукофотлари уни идентификация қилиш имконини берган тақдирда шахсга доир маълумотлар ҳисобланади. Бундай маълумотларни ходимнинг розилигисиз ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳуқуқий асосларсиз ошкор қилиш мумкин эмас. Бу ҳолат молиявий ҳисоботларнинг очиқлигига зид эмас.
Миграция соҳасидаги пуллик хизматлар, жумладан, хорижга ишга жўнатиш билан боғлиқ тариф ва тўлов миқдорлари ҳам белгиланган тартибда жамоатчиликка эълон қилинади.
Бундан ташқари, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-154-сон Фармонида белгиланган баҳолаш мезонлари асосида Ўзбекситон Республикаси Ҳисоб палатаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан мунтазам баҳолаб ва назорат қилиб борилади. Шунинг учун Агентликнинг очиқлик бўйича фаолияти фақат ички тартибда эмас, балки белгиланган баҳолаш мезонлари асосида ташқи назоратдан ҳам ўтказилади.
Шу сабабли "Миграция агентлигида молиявий маълумотлар ёпиқ" деган хулоса фойдаланилиши чекланган ахборотлар рўйхатини нотўғри талқин қилиш натижасида юзага келган.
Миграция агентлиги қонунчиликда белгиланган очиқлик ва шаффофлик талабларига мувофиқ, жамоатчиликка тақдим этилиши лозим бўлган маълумотларни, шу жумладан молиявий ҳисоботларни расмий веб-сайти орқали мунтазам эълон қилиб боради.
