Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида»ги Қонуни
2026-08-14 11:40:00 / Қонунчиликдаги янгиликлар

"Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида"ги Қонуни Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 6 августда қабул қилиниб, Сенат томонидан 7 августда маъқулланди.
Мазкур Қонун 2026 йил 25 июлдан кучга кирган конституциявий ўзгартиришларга мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, мамлакатдаги энг муҳим бошқарув органи ҳисобланган Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақомини қонун даражасида мустаҳкамлайди.
Таъкидлаш лозимки, Янги таҳрирдаги Конституциямизга мувофиқ мамлакатимизда миллий ва умуминсоний қадриятлар, давлатчилигимиз ривожининг тарихий тажрибасига таянган ҳолда давлат ҳокимияти ва бошқарувининг самарали тизими яратилган.
Унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади. Конституциямизда давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти асослари алоҳида бобларда батафсил баён этилган.
Конституциямиз XIX боби Ўзбекистон Республикасининг Президентига бағишланган бўлиб, унда Президент давлат бошлиғи мақомида давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлаши, шунингдек унинг мамлакат бошқаруви ва тараққиётини таъминлашдаги ўта муҳим ваколатлари мустаҳкамланган.
Конституцияда белгиланган Президент ваколатлари ниҳоятда кенг қамровли бўлиб, уларнинг самарали амалга оширилишини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий таъминлаш Президент Администрацияси зиммасига юклатилган.
Хусусан, асосий Қонунимизнинг 109-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ваколатларини амалга оширишни ташкилий, ҳуқуқий, таҳлилий жиҳатдан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини шакллантиради ҳамда унинг Раҳбарини тайинлайди. Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, фаолиятини ташкил этиш тартиби ва ваколатлари қонун билан белгиланиши назарда тутилган.
Мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, Президент Администрациясининг давлат бошқаруви тизимидаги ўрни, ҳуқуқий мақоми ва фаолиятининг асосий йўналишларини конституциявий қонун даражасида белгилашга қаратилган.
Қонунда Администрация Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шакллантирилиши, шунингдек Администрацияга Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Администрация Раҳбари бошчилик қилиши белгиланди.
Администрациянинг мақоми, фаолиятининг асосий принциплари, таркибий тузилиши ва фаолиятини ташкил этиш тартиби, унинг давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлари билан ўзаро алоқалари, Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари фаолиятининг кафолатлари аниқ белгилаб берилди.
Бундан ташқари, қонун билан Администрациянинг давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари билан алоқалари очиб берилди.
Мазкур қонун қабул қилиниши Президент фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда бошқарув жараёнларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
