«Экоҳамкор» мақоми берилиши бўйича янги тартиб жорий этилиши таклиф этилмоқда
2026-08-01 09:00:00 / Экофаол ходим

Вазирлар Маҳкамасининг «Яшил боғ ва яшил жамоат паркларини ташкил этишда ўз ҳиссасини қўшаётган шахсларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳа Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташаббуси билан ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 мартдаги ПФ–47-сон «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлашга қаратилган.
Қарор лойиҳасига кўра, камида 1000 туп дарахт ва бута кўчатларидан иборат яшил боғ ёки яшил жамоат парки ташкил этган ҳамда «Яшил хайрия жамғармаси»га камида 200 млн сўм ҳадя қилган жисмоний ва юридик шахсларга «Экоҳамкор» мақомини бериш кўзда тутилмоқда.
🏆 «Экоҳамкор» мақоми ҳар йили ўтказиладиган танлов натижаларига кўра:
- ҳар бир ҳудуддан энг юқори балл тўплаган 1 нафардан, жами 14 нафар жисмоний шахсга;
- 10 нафар юридик шахсга берилади.
Ғолибларга махсус гувоҳнома ва эсдалик совғалари топширилади.
Шунингдек, «Экоҳамкор» мақомини олганлар «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони билан тақдирлашга тавсия этилади. Танлов иштирокчилари орасидан энг юқори балл тўплаган 1 нафар жисмоний ёки юридик шахс «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог» фахрий унвонига тавсия этилади.
⚠️ Муҳим! «Экоҳамкор» мақомини олганларга белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланиш жараёнида яшил ҳудудларда ҳар қандай қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқланади.
«Экоҳамкор» мақомига эга шахсларга давлат хизматларидан фойдаланишда 10 фоиз чегирма берилиши, шунингдек, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган тижорат банкларида истеъмол кредити олишда чегирмалар қўлланилиши таклиф этилмоқда.
📢 Ҳурматли юртдошлар! Сиз ҳам қарор лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасида regulation.gov.uz платформаси орқали иштирок этиб, ўз таклифларингизни билдиришингиз мумкин.
