Интерпол қидирувида бўлган, собиқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мулозими А.Тоштемиров интернетда тарқатаётган норасмий ва ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайдиган маълумотлар юзасидан айрим ФИКР-МУЛОҲАЗАЛАР
2026-08-06 18:00:00 / Янгиликлар
Ҳозирда халқаро қидирувда бўлган Азиз Тоштемировнинг “Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ коррупцион схема юзасидан 90 млн. АҚШ доллари қаерда?” – деган саволига жавоб излаб кўрамиз. Чиндан ҳам пул қаерда?
Хўш, қаердан қидирсак экан...?
Яхшиси 2024 йилда тугатилган собиқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходими бўлган Азиз Тоштемировнинг атрофидан қидириб кўрайлик. Тоштемировни шу кунларда нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунё “Полис”лари қидиришяпти. У Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ улкан коррупцион схема фигуранти сифатида кўрилмоқда.
Азиз Тоштемиров 2020–2025 йилларда Миграция агентлиги тизимида турли лавозимларда меҳнат фаолиятини олиб борган. Шунингдек, унинг курсдошлари ва яқин қариндошлари ҳам агентликда ишлаган. Агентлик тасарруфидаги ҳужжатларда мазкур 5 йиллик даврларда унинг ойлик иш ҳақи, жами 1 млрд. 833 млн. сўм (ёки 153 минг АҚШ доллари)ни ташкил қилганини кўриш мумкин.
Энди масаланинг фактларга асосланган томонига эътибор қаратайлик. Агентлик ташкил этилгач, коррупцияга қарши кураш доирасида айрим ходимларнинг фаолияти юзасидан дастлабки ўрганишлар ўтказилди. Бу жараёнда инкор этиб бўлмайдиган қатор далиллар аниқланди.
Жумладан, Тоштемиров топган даромадидан бир сўм ҳам сарфламаган тақдирда ҳам, унинг қонуний даромадлари ҳамда очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, ўзи ва яқинлари номига расмийлаштирилган мол-мулклар қиймати ўртасида сезиларли тафовут мавжудлиги аниқланди. Дастлабки таҳлилларга кўра, мазкур мол-мулклар қиймати унинг қонуний даромадларидан бир неча баробар юқори экани маълум бўлди.
Хусусан, 2023-2025 йиллар давомида Азиз Тоштемиров ўзи ва яқин қариндошлари (онаси Д.Ю. ва турмуш ўртоғи Ю.С.) номига камида 7 та йирик кўчмас мулк объектини харид қилган.
Масалан, Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги энг қиммат объектлардан бири бўлган “Piramit Tower” турар жой мажмуасидан 2025 йилда бир эмас 2 та, биттаси 110 м² ва иккинчиси 50 м2 бўлган хонадонларни харид қилган.
Шунингдек, 2024 йилда ер майдони 1 200 м² бўлган Андижон вилоятининг Улуғнор тумани, “Обод” маҳалласидаги ҳовли-жой, қолаверса, 2023 йилнинг ўзида биргина Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида 4 та квартирани расмийлаштирган. Улар 9 ва 19-мавзедаги 4-8-9-ва 23 -уйлардан 4 та хонадон.
Тоштемировнинг яқинлари номига расмийлаштирилган бунча квартираларни харид қилиш манбалари юзасидан қонуний саволлар туғилади. Юқорида санаб ўтилган кўчмас мулк объектларининг умумий қиймати камида 1 млн. 500 минг АҚШ доллари (ёки 19 млрд. сўм)ни ташкил этади.
Шу ўринда, ҳаммани қизиқтириши ва мулоҳаза қилишга ундаши керак бўлган 2 та савол:
Биринчиси, ўзини жабрдийда қилиб кўрсатишга уринаётган ва терговдан яшириниб юрган А.Тоштемиров қандай қилиб қисқа муддат ичида 1 млн. 500 минг АҚШ долларига тенг кўчмас мулкларни расмийлаштирди...?
Иккинчиси, жорий йилнинг апрель ойидан буён йирик коррупцион схеманинг фигуранти сифатида халқаро қидирувда бўлиб, хорижда яшириниб юрган А.Тоштемировнинг чет элда яшаши ва бамайлихотир ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари қайси маблағлар ҳисобидан амалга оширилмоқда...?
Яна бир муҳим жиҳат! 2022–2025 йиллар давомида Корея Республикасига ишга юбориш жараёнларидаги эҳтимолий қонунбузилишлар ва ноҳолисликлар юзасидан Миграция агентлигига мингга яқин мурожаат келиб тушган. Уларнинг маълум қисмида бевосита Азиз Тоштемиров фаолиятига оид ҳолатлар баён этилган. Мазкур мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, ҳуқуқий баҳо талаб этувчи материаллар ваколатли органларга тақдим этилган.
Шунингдек, мустақил оммавий ахборот воситалари, жумладан Effect.uz ва Diplomat.uz интернет нашрларида чиқиш қилган ҳамда Агентлик раҳбарининг шахсий қабулига келган айрим фуқаролар ҳам ўз муносабатларида Азиз Тоштемировнинг ҳаракатлари оқибатида зарар кўрганликларини билдириб, унга нисбатан қонуний тартибда ҳуқуқий баҳо берилишини сўраган.
Миграция агентлиги давлат органи сифатида ҳозирда давом этаётган тергов ҳаракатларига аралашиш ёки улар юзасидан жамоатчилик муҳокамасини олиб боришни мақсадга мувофиқ деб ҳисобламайди. Шу боис, Агентлик жараёнлар якунлангунга қадар тергов сирини ташкил этувчи маълумотлар юзасидан оммавий баҳсларга киришмаслик тамойилига амал қилиб келмоқда.
2024 йилнинг октябрь ойида Миграция агентлиги қайта ташкил этилгач, Корея Республикаси билан боғлиқ танлов жараёнларини ташкил этиш тизими тубдан қайта кўриб чиқилди. Шунинг учун 2025-йилда EPS-TOPIK тестлари ўтказилмади. 2026 йилда EPS-TOPIK имтиҳонлари илк бор Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (аввалги - Тест маркази) базасида, Агентликнинг комплаенс назорати остида очиқ ва шаффоф тартибда ташкил этилди.
Бундай тартиб бежиз қабул қилингани йўқ. Бир неча ойдан буён Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Корея Республикасига ишга юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ва коррупция ҳолатлари фош этилиб, ушбу жиноятларга алоқадор шахслар жиноий жавобгарликка тортилаётгани ҳақида мунтазам расмий ахборотлар эълон қилинмоқда. Бунинг ўзиёқ мазкур соҳада аввалги йилларда жиддий тизимли муаммолар мавжуд бўлганини кўрсатади.
Балки бугунги кунда жорий этилган - янги, қатъий ва шаффоф тартиб аввалги йиллар давомида шаклланган ноҳолис жараёнлар ортида турган шахсларни қониқтирмаётгандир... Эҳтимол, аввал мавжуд бўлган молиявий даромад чеклангани сабабли, айрим доиралар шахсий манфаатларини сақлаб қолиш мақсадида, асоссиз айбловлар ва чалғитувчи ахборотларни тарқатишга уринаётгандир.
Биз қонун устуворлиги таъминланган давлатда яшаяпмиз. Шунинг учун ижтимоий тармоқлар орқали турли иддаолар билан жар солиш эмас, балки қўлида далиллари борлигини даъво қилаётган ҳар қандай шахс, уларни ваколатли тергов органларига тақдим этиши ҳамда белгиланган тартибда ўз иштирокида тушунтириш бериши лозим.
Қонуний баҳо беришни тегишли давлат органларига қолдириш - энг тўғри йўл. Ҳуқуқий давлатда ҳақиқат ижтимоий тармоқлардаги баёнотлар билан эмас, балки тергов ва суд жараёнида ўрганилган далиллар асосида аниқланади.
Терговдан яшириниб юрган шахснинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари, эҳтимол, жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатишга қаратилган навбатдаги уринишлардан биридир.
Дарвоқе, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган расмий маълумотларга кўра 90 млн АҚШ доллари миқдоридаги коррупцион схема юзасидан суд жараёнлари бошланган. Мазкур иш юзасидан илгари сурилаётган айрим даъволар А.Тоштемировнинг ҳаракатлари ортида кимлар турганлигини намоён этмоқда.
Шундай экан, ҳиссиётлар ва асоссиз даъволарга эмас, қонун доирасида аниқланган фактлар ҳамда исботланган далилларга таянилиш лозим.
Масалага бир томонлама эмас, турли нуқтаи назардан баҳо бериш учун мустақил ОАВга интервью берган фуқаронинг видеодаги муносабатига ҳам эътибор қаратинг.
