Қонунчиликдаги янгиликлар
2026-08-06 09:00:00 / Қонунчиликдаги янгиликлар

❗️ Фармон билан одам савдосидан жабрланган шахсларни маҳалла даражасида аниқлаш ва хизматлар билан қамраб олишни назарда тутувчи янги тизим жорий этилмоқда.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб жабрланган ёки жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни дастлабки идентификация қилиш ваколати «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари, ихтисослаштирилган муассасалар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларига берилади.
Эндиликда жабрланган шахсларни аниқлаш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти билан чекланмай, ижтимоий хизмат кўрсатувчи ташкилотлар орқали ҳам амалга оширилади.
«Инсон» марказлари томонидан жабрланган шахс ва унинг оиласининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати комплекс баҳоланиб, улар ижтимоий, психологик, ҳуқуқий, тиббий, моддий ҳамда бандлик хизматларига йўналтирилади.
Минимал хизматлар пакети шахснинг моддий ёки ижтимоий ҳолатидан қатъи назар бепул кўрсатилади.
Одам савдосидан жабрланган шахсларнинг ихтисослаштирилган муассасаларда яшаши ва комплекс реабилитация хизматларидан фойдаланиш муддати 6 ойгача узайтирилади.
Муассасада яшашни истамаган шахслар «Инсон» марказларида кундузги қатнаш асосида хизматлардан фойдаланиб, оиласи ва одатий ижтимоий муҳитидан ажралмаган ҳолда қўллаб-қувватланади.
Ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштирилган одам савдосидан жабрланган шахслар учун уларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда касб-ҳунарга ўқитиш курслари ташкил этилади.
Бунда, ихтисослаштирилган муассасалар томонидан одам савдосидан жабрланган шахсларнинг меҳнат фаолияти ва касбга қизиқишига доир маълумотлар асосида ҳар бир хизмат олувчи учун шахсий касбга йўналтириш тавсияси ишлаб чиқилади ҳамда унга асосан одам савдосидан жабрланган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига электрон буюртма берилади.
Одам савдосидан жабрланган болаларнинг энг устун манфаатларини таъминлаш, уларни хавфсиз оила муҳитига қайтариш ва комплекс реабилитация хизматлари билан қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилади.
1146 қисқа рақамли «ишонч телефони» орқали мурожаатларни қабул қилиш ва мутахассислар маслаҳатини бериш йўлга қўйилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидаги ҳудудий марказларда одам савдосидан жабрланган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларига комплекс хизматлар кўрсатилади.
✅ Шунингдек, Фармон билан одам савдоси жиноятини содир этганлик учун жавобгарлик ҳам кучайтирилмоқда:
Туризм ва ташқи меҳнат миграцияси соҳасида одам савдоси жиноятини содир этган шахсларга асосий жазо билан бирга мазкур фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини чеклаш тарзида қўшимча жазо тайинлаш;
Болаларга нисбатан содир этилган одам савдоси, жумладан уларни фоҳишаликка жалб этиш билан боғлиқ жиноятлар учун алоҳида жиноий жавобгарлик жорий этиш ҳамда мазкур ишлар бўйича терговни прокуратура органлари ваколатига бериш;
Болаларни фоҳишаликка жалб этиш мақсадида одам савдоси жиноятини содир этган шахсларни манзил-колонияга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритиш назарда тутилган.
