Россия Федерациясидаги ҳолат юзасидан якуний маълумот
2026-07-31 18:50:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги Ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Элчихонаси Москва шаҳридаги қурилиш объектида ўтказилган назорат тадбирлари юзасидан ўрганишларни якунлади.
Қурилиш майдонида ишлаётган 320 нафардан хорижий фуқаронинг 70 нафардан зиёди Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг 20 нафар фуқароси ҳамда бригадирлар билан ўтказилган суҳбатлар натижасида интернет тармоқларида тарқалган видеоларда акс этган қўпол муносабат ва жисмоний куч ишлатилган ҳолатларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этмагани аниқланди.
Ўзбекистонликларга нисбатан шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ва меҳнат фаолиятига доир рухсатномалар текширилган бўлиб, улардан ҳуқуқлари бузилгани юзасидан ҳеч қандай мурожаат келиб тушмаган.
Шунингдек, объект раҳбарияти билан учрашув ўтказилиб, меҳнат қилаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш масаласи юзасидан Ўзбекистон томонининг қатъий позицияси етказилди. Ватандошларимизга Элчихона ва Миграция агентлиги Ваколатхонаси орқали ҳуқуқий ва амалий ёрдам олиш тартиби бўйича қўшимча тушунтиришлар берилди.
Миграция агентлиги хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вазиятни доимий назорат қилиб бормоқда.
