☀️Аномал иссиқ бўйича огоҳлантириш: ўзингизни, табиатни ва барча тирик мавжудотларни асранг!
2026-07-17 09:00:00 / Экофаол ходим

Гидрометеорология хизмати агентлиги маълумотларига кўра, 18–20 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан ўта иссиқ ҳаво массаларининг кириб келиши давом этади. Республика бўйича ҳаво ҳарорати 43–45°C гача, жанубий ва чўл ҳудудларининг айрим жойларида эса 46–48°C гача кўтарилиши кутилмоқда. Шамол тезлиги 13–18 м/с гача, айрим жойларда 20–22 м/с гача кучаяди. Баъзи ҳудудларда чанг ва қум бўронлари кузатилиши мумкин.
Бу кунларда ўз саломатлигингиз ҳамда яқинларингиз хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратиш муҳим. Имкон қадар куннинг энг иссиқ вақтларида очиқ қуёш остида бўлмаслик, етарли миқдорда суюқлик истеъмол қилиш ва зарур эҳтиёт чораларига риоя этиш тавсия этилади.
Аномал иссиқ нафақат инсонлар, балки атроф-муҳит учун ҳам жиддий хавф туғдиради. Юқори ҳарорат дарахт ва буталарнинг қуриб қолишига, яшил ҳудудлар ҳолатининг ёмонлашишига, ёш кўчатларнинг нобуд бўлишига ҳамда ҳайвонот оламига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Бугун сақлаб қолинган ҳар бир дарахт, суғорилган ҳар бир кўчат ва ўз вақтида кўрилган ҳар бир чора мамлакатимизнинг экологик хавфсизлиги ҳамда барқарор келажагига қўшилган муносиб ҳиссадир.
Ўзингизни, яқинларингизни ва табиатни асранг!
