Расмий муносабат
2026-07-28 10:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Миграция агентлиги фаолияти ва суд қарорлари ижроси юзасидан турли фикрлар билдирилмоқда.
Албатта, ҳар бир фуқаро ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга. Бироқ фикримизча кенг жамоатчиликка тақдим этилаётган маълумотлар аниқ фактлар, далиллар ва суд ҳужжатларига асосланган бўлиши лозим.
Хусусан, айрим публикацияларда собиқ ходимлар гўёки Миграция агентлиги раҳбарияти устидан судга мурожаат қилгани ва суд қарорлари Агентлик томонидан ижро этилмаётганлиги ҳақида иддаолар билдирилган.
Амалда эса судларда кўрилган мазкур ишлар бўйича суд қарорларига асосан жавобгар сифатида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тугатиш комиссияси ишга жалб қилиниб собиқ ҳодимларнинг барчаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига тикланган ва компенсация тўловлари ундирилган.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигига суд қарорлари билан ҳеч қандай мажбурият юклатилмаган. Шундай экан қандай асослар бўйича мажбурият юклатилган суд қарори мавжуд бўлмай туриб Миграция агентлиги Ташқи меҳнат миграциясининг собиқ ҳодимларни ишга тиклаш ва уларга компенсация тўлаб бериши мумкин?
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқатилган Мажбурий ижро бюросининг ҳужжати ҳам айнан суд қарорларида кўрсатилган жавобгарларга юборилган бўлиб, ушбу масала юзасидан Миграция агентлигига Мажбурий ижро бюросидан бирор ижро ҳужжати ёки кўрсатма келиб тушмаган.
Шу боис, Миграция агентлиги суд қарорларини бажармаётгани ҳақидаги хулосалар суд ҳужжатларининг мазмунига мос келмайди ва асоссиздир.
Биз оммавий ахборот воситалари ва блогерларни ҳар қандай масала юзасидан хулоса чиқаришдан олдин расмий ҳужжатлар ва ҳуқуқий ҳолатни ҳар томонлама ўрганишга чақирамиз. Агентлик эса ўз фаолиятига оид ҳар бир савол бўйича очиқ мулоқотга тайёр.
Шунингдек, Корея Республикасига ташкиллаштирилган тарзда ишга юборилаётган фуқаролар билан тузиладиган шартномалар юзасидан ҳам турли фикрлар билдирилмоқда.
Аввало бир масалага аниқлик киритмоқчимиз. Миграция агентлигининг асосий вазифаси — фуқароларимизнинг ҳуқуқларини чеклаш эмас, аксинча, уларни хорижда хавфсиз, қонуний ва муносиб меҳнат фаолияти билан таъминлаш ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Бугун ривожланган давлатлар меҳнат бозорига кириш осон эмас. Ҳар бир янги давлат, ҳар бир иш берувчи ва ҳар бир квота ортида ойлаб давом этадиган музокаралар, ўзаро ишонч ва масъулият туради.
Шунинг учун ҳам хорижга ташкиллаштирилган тарзда юборилаётган фуқаролар билан тузиладиган шартномаларда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланади. Бу талаблар фуқароларнинг ҳуқуқларини чеклаш учун эмас, балки халқаро келишувларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, иш берувчилар олдида мамлакатимиз ишончини сақлаш ва келгусида минглаб юртдошларимиз учун янги иш ўринларини очиб бориш мақсадида назарда тутилган.
Ижтимоий тармоқларда айрим фикрлар гўёки фуқаро Кореяда иш жойини қонуний равишда алмаштирса ҳам, унга автоматик тарзда жарима қўлланилади, деган тасаввурни уйғотмоқда. Бу масалага тўлиқ ҳуқуқий муносабатлар доирасида ёндашиш муҳим.
Корея Республикаси қонунчилигига мувофиқ иш жойини алмаштириш тартиби алоҳида ҳуқуқий муносабат ҳисобланади. Шу билан бир вақтда, Ўзбекистондан ташкиллаштирилган тарзда ишга юборилаётган фуқаро Миграция агентлиги билан ҳам хизмат кўрсатиш шартномасини тузади. Бу икки ҳуқуқий муносабат бир-бирини инкор этмайди.
Мазкур шартномада назарда тутилган мажбуриятлар ва жавобгарлик чоралари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 майдаги 313-сон қарори ҳамда Фуқаролик кодекси нормаларига мувофиқ белгиланган. Яъни, шартнома шартлари бажарилмаган ҳолларда жавобгарлик чораларини назарда тутиш қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий механизм ҳисобланади.
Энг муҳими, фуқаро шартнома талабларига риоя қилса, хорижда қонуний меҳнат фаолиятини амалга оширса ва Агентлик билан белгиланган тартибда ҳамкорлик қилса, ҳеч қандай жавобгарлик юзага келмайди.
Нима учун бундай механизм зарур?
Чунки бу фақат битта фуқаронинг эмас, балки бутун мамлакатнинг халқаро обрўси билан боғлиқ масала.
Масалан, Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги томонидан Миграция агентлигига юборилган 2025 йил 13 февралдаги расмий хатда иш берувчилар томонидан ўзбекистонлик ходимларга қизиқиш пасайиб бораётгани, бунга эса айрим фуқароларнинг Кореяга борганидан сўнг қисқа муддат ичида иш жойини тарк этиши ва ноқонуний мақомда қолиб кетиши сабаб бўлаётгани қайд этилган. Шунингдек, ушбу салбий ҳолатларнинг бартараф этилиши Ўзбекистон учун келгусида ажратиладиган квоталарга ижобий таъсир кўрсатиши алоҳида таъкидланган.
Шунга ўхшаш эътирозлар Япониянинг ваколатли идоралари билан ўтказилган музокараларда ҳам билдирилган.
Демак, бу Миграция агентлигининг субъектив қараши эмас. Бу ҳамкор давлатларнинг расмий мурожаатларида қайд этилган ва мамлакатимиз учун янги имкониятларни сақлаб қолиш билан боғлиқ масаладир.
Шу билан бирга, Агентлик фақат шартнома тузиш билан чекланмайди. Асосий вазифаларимиздан бири — хориждаги ватандошларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир.
2026 йилнинг биринчи ярмида Агентлик томонидан 37 давлатдаги 110 мингдан ортиқ ватандошимизга ҳуқуқий, ахборот, ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатилди. Хорижда 23 нафар адвокат билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, юзлаб ҳуқуқий масалалар ҳал этилди. Фуқароларимиз фойдасига қарийб 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақи ва компенсациялар ундириб берилди. Минглаб юртдошларимизга ҳуқуқий маслаҳат, моддий ёрдам ва Ватанга қайтишда амалий кўмак кўрсатилди.
Шу боис, Миграция агентлигининг мақсади фуқароларга чеклов ўрнатиш эмас. Бизнинг асосий вазифамиз — ҳар бир юртдошимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирга, Ўзбекистон учун очилган халқаро меҳнат бозорларини сақлаб қолиш ва янада кенгайтиришдир.
Биз жамоатчилик фикрига ҳурмат билан қараймиз ва ҳар қандай савол юзасидан очиқ мулоқот қилишга тайёрмиз. Шу билан бирга, бу каби масалаларга ҳуқуқий ҳужжатлар, халқаро келишувлар ва амалдаги тартиблар асосида холис ёндашиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.
