Миграция агентлиги томонидан хорижда ишлаш имкониятлари бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақидаги репортажлар сериясини бошлаймиз.
2026-07-28 09:00:00 / Янгиликлар

Cўнгги пайтларда кўпчилик қизиқаётган йўналишлардан бири — Буюк Британия билан ҳамкорлик, ушбу мамлакатда ишлаш имкониятлари ва улар қандай яратилаётгани ҳақида сўз юритамиз.
Бу мамлакатда ишлаш имкониятлари қандай яратилмоқда? Фуқаролар қандай сараланади? Ва нега Буюк Британия меҳнат миграцияси соҳасида Ўзбекистоннинг муҳим ҳамкорларидан бири ҳисобланади?
Буюк Британия меҳнат муносабатлари энг қатъий тартибга солинган давлатлардан бири ҳисобланади. Шу боис бу мамлакатга фуқароларни ташкиллаштирилган тарзда ишга юбориш фақат вакансия топиш билан чекланмайди. Бунинг ортида давлатлараро ҳамкорлик, ҳуқуқий кафолатлар ва ўзаро ишончга асосланган яхлит тизим туради.
Ана шу мақсадда 2025 йилнинг сентябрь ойида Миграция агентлиги ва Буюк Британия Ҳукуматининг меҳнат муносабатлари қонунийлиги ва меҳнат эксплуатациясининг олдини олиш учун масъул ваколатли органи — GLAA ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган.
Ушбу меморандум меҳнат эксплуатациясининг олдини олиш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ахборот алмашиш ва қўшма мониторинг механизмларини йўлга қўйишни назарда тутади.
Ҳамкорликнинг кейинги босқичида Британиянинг лицензияланган рекрутинг компаниялари билан амалий механизмлар шакллантирилди.
Бугунги кунда Миграция агентлиги HOPS Labour Solutions ҳамда Pro-Force Limited компаниялари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Мазкур компаниялар орқали иш берувчилар танланади, вакансиялар шакллантирилади, меҳнат шартномалари расмийлаштирилади ҳамда ишга қабул қилиш жараёнлари ташкил этилади.
Шу билан бирга, иш берувчиларнинг меҳнат шартномаси шартларига риоя қилиши, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши ва фуқароларнинг қонуний меҳнат фаолияти юритиши ҳам доимий мониторинг қилинади.
Бу ҳамкорлик бугун амалий натижасини бермоқда.
HOPS Labour Solutions билан ҳамкорлик доирасида шу кунга қадар 5 382 нафар, Pro-Force Limited орқали эса 2 282 нафар Ўзбекистон фуқароси Буюк Британияда қонуний мавсумий иш билан таъминланди.
Уларнинг ўртача ойлик даромади 2,5 минг АҚШ долларини ташкил этмоқда.
Номзодларни саралаш жараёни эса бир неча босқичда амалга оширилади.
Аввало онлайн тест.
Шундан кейин Британия иш берувчилари иштирокида суҳбат.
Фақат иш берувчи томонидан маъқулланган номзодлар меҳнат шартномасини имзолайди ва ишга жўнаб кетади.
Бу эса танлов жараёнининг шаффофлиги ва иш берувчининг ҳақиқий эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилишини таъминлайди.
Одатда, келгуси мавсум учун вакансиялар куз ойларида эълон қилинади. Номзодларни рўйхатдан ўтказиш ва танлов жараёнлари ҳақидаги расмий маълумотлар эса Миграция агентлигининг "Xorijda ish" Telegram каналида эълон қилинади.
Шунинг учун Буюк Британияда ишлаш истагида бўлган фуқароларга фақат расмий манбалардаги эълонларни кузатиб бориш тавсия этилади.
Буюк Британия билан ҳамкорлик бугун фақат мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари билан чекланмайди.
2026 йил май ойида Лондон мериясидан дунёдаги йирик круиз операторларидан бири — "Carnival Cruise Line" компанияси билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклиф келиб тушган ва ушбу йўналиш ҳам Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси билан биргаликда амалиётга тадбиқ этилмоқда. Бу эса келгусида юртдошларимиз учун Буюк Британияда янги соҳалар ва янги иш ўринлари яратилиши йўлидаги муҳим қадамлардан биридир
Бугунги кунда Буюк Британия билан ҳамкорлик фақат ишга жойлаштиришдан иборат эмас.
Бу — давлатлараро ишонч, қонуний меҳнат миграцияси, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, халқаро стандартлар асосида танлов ўтказиш ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган тизимли ҳамкорликдир.
Миграция агентлиги Буюк Британиянинг давлат идоралари ва иш берувчилари билан ҳамкорликни изчил кенгайтириб, юртдошларимиз учун нафақат мавсумий ишлар, балки юқори даромадли ва истиқболли янги йўналишларда ҳам имкониятларни яратиш устида иш олиб бормоқда.
