Қатар меҳнат қонунчилигидаги янги ўзгаришлар ўзбекистонликлар учун қандай имкониятлар яратади?
2026-07-27 15:30:00 / Янгиликлар

Қатар Меҳнат вазирлиги 2004 йилги «Меҳнат тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни эълон қилди. 2026 йилги 9-сонли Қонун асосида амалга оширилган ушбу ислоҳотлар меҳнат бозорини замонавий талабларга мослаштириш ва ходимлар ҳуқуқларини янада кучли ҳимоя қилишга қаратилган.
🔹 Рекрутинг агентликлари устидан назорат кучайтирилди – ноқонуний тўловлар ва фирибгарлик ҳолатларининг олди олинади.
🔹 Нотўлиқ иш вақти, масофавий меҳнат ва ўзини ўзи банд қилиш ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинди. Бу, айниқса, IT ва креатив соҳадаги ёшлар учун янги имкониятлар очади.
🔹 Меҳнат низоларини ҳал қилиш механизми соддалаштирилди – иш ҳақи, ноқонуний ишдан бўшатиш каби масалалар тезроқ кўриб чиқилади.
🔹 Рақобат қилмаслик шартлари аниқлаштирилди – ходимлар шартнома тугагач, юқорироқ маошли ишга қонуний тарзда ўтиш имконига эга бўлади.
🔹 100 нафардан ортиқ ходим ишлайдиган корхоналарда қўшма меҳнат қўмиталари ташкил этилади. Бу ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва иш берувчи билан мулоқотни кучайтиришга хизмат қилади.
🔹 Ходимларнинг ҳуқуқий ҳимояси ва кафолатлари кенгайтирилди – тиббий суғурта, меҳнат ҳуқуқлари ва иш берувчиларнинг масъулияти янада мустаҳкамланди.
🔹 Касбий малака ва сертификатлаштириш тизими жорий этилмоқда – муҳандислик, тиббиёт, IT, сервис ва техник соҳаларда малака талаблари кучайтирилади.
✅ Ушбу ўзгаришлар Қатарда меҳнат қилаётган ёки ушбу мамлакатда ишлашни режалаштираётган Ўзбекистон фуқаролари учун ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш, муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш ҳамда янги иш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
