РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-07-27 14:30:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Оммавий ахборот воситаларида Жанубий Корея Республикасига ташкиллаштирилган тартибда ишга юбориладиган фуқаролар учун белгиланган хизмат ҳақи, унинг ҳуқуқий асослари ҳамда Миграция агентлигининг айрим ички ҳужжатларига оид саволлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Аввало, Миграция агентлиги томонидан ундириладиган хизмат ҳақи амалдаги қонунчилик талаблари асосида белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 октябрдаги ПФ–162-сон Фармони билан Агентлик маблағларини шакллантириш манбалари ва улардан фойдаланиш йўналишлари аниқ белгилаб берилган. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 апрелдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган ҳолда юбориш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, юборувчи ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар қиймати мустақил белгиланиши назарда тутилган.
Жанубий Корея Республикасига ташкиллаштирилган тартибда юбориладиган фуқаролар учун белгиланган хизмат ҳақи ҳам айнан шу ҳуқуқий нормалар ва иқтисодий ҳисоб-китоблар асосида шакллантирилган. Бунда Агентликнинг йиллик харажатлари, хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ташкилий сарфлар ҳамда фуқаронинг бориш давлатидаги йиллик даромадига нисбатан ишга жойлашиш харажатлари улуши ҳисобга олинади. Айрим янги меҳнат бозорларида пилот лойиҳалар доирасида хизмат ҳақи умуман ундирилмайди, тарифлар эса иқтисодий ҳисоб-китоблар асосида мунтазам қайта кўриб чиқилади.
Шу билан бирга, хизмат ҳақи фақат ишга жўнатиш жараёнини эмас, балки хорижда оғир вазиятга тушиб қолган фуқароларга ҳуқуқий, ижтимоий, тиббий ва ташкилий ёрдам кўрсатиш тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлашга ҳам хизмат қилади. Жумладан, ҳуқуқлари бузилган фуқаролар учун адвокатлар жалб этилади, оғир аҳволга тушган шахсларга моддий ёрдам кўрсатилади, тиббий хизматлар харажатлари қопланади, зарурат туғилганда фуқаролар ва уларнинг фарзандлари Ўзбекистонга қайтарилади, вафот этган шахсларнинг жасадини олиб келиш билан боғлиқ харажатлар ҳам қоплаб берилади. Бу харажатлар миграция жамғармаси хисобидан қоплансада, ҳар бир мурожаатни қабул қилиш, ўрганиш ва якунига қадар кузатиб бориш, хорижий давлатларнинг ваколатли органлари, дипломатик ваколатхоналар, тиббиёт муассасалари, транспорт ташкилотлари ва бошқа ҳамкорлар билан ишларни мувофиқлаштириш учун Агентликнинг тегишли таркибий бўлинмалари доимий фаолият юритади.
Бундан ташқари, фуқароларнинг Кореяда меҳнат фаолиятини олиб боришлари билан боғлиқ дастлабки харажатларини енгиллаштириш мақсадида Миграция жамғармасидан авиачипта учун 2 БҲМ (824 000 сўм) ҳамда виза расмийлаштириш харажатлари учун 65 АҚШ доллари миқдорида (790 000 сўм) маблағ қоплаб берилади. Шу тариқа, ҳар бир фуқаро учун жами 1 614 000 сўм миқдоридаги харажат компенсация қилинади.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган 2025 йил 24 июлдаги 106-сон буйруқ юзасидан ҳам таъкидлаш жоизки, унга «Хизмат доирасида фойдаланиш учун» грифи ички ҳужжатлар айланишини ташкил этишга оид идоравий тартиблар асосида қўйилган. Бироқ буйруқдаги хизмат турлари, тарифлар ва уларни қўллаш тартиби ўз мазмунига кўра фойдаланилиши чекланган ахборот ҳисобланмайди. Ҳужжат яхлит ҳолда мазкур гриф билан расмийлаштирилгани сабабли тарифларга оид қисми алоҳида очиқ ахборот ресурсларида эълон қилинмаган.
Айни пайтда мазкур масала қайта кўриб чиқилмоқда. Жумладан, буйруқнинг фойдаланилиши чекланган маълумотлар мавжуд қисми очиқ ахборотдан ажратилиб, тарифларга оид маълумотларни Миграция агентлигининг расмий веб-сайти ва бошқа расмий ахборот ресурсларида эълон қилиш чоралари кўрилмоқда. Ушбу жараёнда Миграция агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Ботиржон Шермуҳаммад томонидан буйруқлар ва тарифлар ҳақидаги маълумотларни кенг жамоатчиликка янада очиқ ва шаффоф тарзда эълон қилиб бориш юзасидан билдирилган таклифлар ҳам инобатга олинди.
Миграция агентлиги ўз фаолиятида қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик тамойилларига қатъий амал қилади ҳамда жамоатчиликни қизиқтирган ҳар бир масала юзасидан холис, ишончли ва ҳуқуқий асосланган ахборот беришни устувор вазифаларидан бири деб ҳисоблайди.
