Расмий муносабат
2026-07-24 10:45:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ижтимоий тармоқларда Корея Республикасига E-9 визаси асосида ишга жойлашиш масаласи юзасидан эълон қилинган мурожаат бўйича қуйидагилар маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини бандликка рухсат бериш тизими (EPS) орқали Корея Республикасига вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юбориш Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида имзоланган Меморандум асосида амалга оширилади.
Унга мувофиқ, EPS-TOPIK тест синовларидан муваффақиятли ўтган номзодларнинг маълумотлари Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати (HRDK)нинг SPAS маълумотлар базасига киритилади ва мазкур базада 2 йил давомида сақланади.
SPAS маълумотлар базаси Корея Республикасининг ваколатли органлари томонидан юритилади. Миграция агентлиги ушбу базага ўзгартиш киритиш, ундаги маълумотларни таҳрирлаш ёки номзодларнинг амал қилиш муддатини учинчи йилга узайтириш ваколатига эга эмас. Шунингдек, SPAS базасидаги 2 йиллик амал қилиш муддати Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги томонидан ишчи кучи юборадиган барча 17 давлат фуқаролари учун бир хил тартибда белгиланган.
Шу билан бирга, SPAS маълумотлар базасига киритилган номзодни ишга қабул қилиш ёки танлаш ҳуқуқи фақат Корея Республикаси иш берувчиларига тегишли ҳисобланади. Номзодни танлаш жараёнида бошқа давлат органлари, жисмоний ёки юридик шахсларнинг аралашувига йўл қўйилмайди.
