🌳“Яшил белбоғ” лойиҳаси доирасида иқлимга мос дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилади
2026-07-15 12:00:00 / Экофаол ходим

Маълумот учун, “яшил белбоғ”ларни шакллантириш бўйича вазифалар Президент фармон ва қарорларида белгиланган бўлиб, 2022–2026 йилларда Тошкент шаҳрида 1 миллион 350 минг тупдан ортиқ дарахт ва бута кўчатлари экилган.
2025–2026 йилларда эса пойтахт ва унга туташ ҳудудларда:
- Бектемир туманида — 38 минг туп;
- Тошкент туманида — 20 минг туп;
- Янгиҳаёт туманида — 2,1 минг туп;
- Қибрай туманида — 100 минг туп дарахт кўчатлари экилган.
Шунингдек, 4Р–21 автомобиль йўли ёқасида, Янгиҳаёт туманининг Тошкент вилояти билан чегарадош қисмида 2 мингдан зиёд манзарали дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилган.
2026–2027 йилларда қўшимча равишда:
- Янгиҳаёт туманида — 21,21 гектар;
- Сергели туманида — 6,81 гектар;
- Бектемир туманида — 40,1 гектар;
- шунингдек, Чирчиқ дарёсининг Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Бектемир туманлари ҳудудидан оқиб ўтувчи қисми бўйлаб 100 гектар майдонда янги “яшил белбоғ”лар барпо этиш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 мартдаги 47-сон Фармонига мувофиқ, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ботаника ҳамда дендрология боғларини ташкил этиш учун жами 385,3 гектар ер майдони белгиланган. Жумладан:
- Тошкент шаҳрида — 337,3 гектар;
- Тошкент вилоятида — 48 гектар майдон ушбу мақсадларга йўналтирилади.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 83-сон қарорига асосан, Тошкент шаҳрида 9 та ҳудудда умумий майдони 139,6 гектар бўлган янги жамоат паркларини ташкил этиш белгиланган.
Бундан ташқари, "Яшил белбоғ" лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда 2045 йилга қадар камида 58 минг гектар майдонда интенсив ҳимоявий ўрмонзорлар ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, камида 50 миллион туп иқлимга мос, қурғоқчиликка чидамли ва чанг ушлаб қолиш хусусияти юқори бўлган дарахт ҳамда бута кўчатларини экиш, уларнинг яшовчанлигини 85 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, “яшил белбоғ”лар бир марталик кўчат экиш тадбири эмас, балки ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланган, молиялаштириш, парвариш, суғориш, мониторинг ва жамоатчилик назорати билан таъминланадиган экологик инфратузилмадир.
Бундай ёндашув Буюк Британия, Жанубий Корея, Хитой ва Қозоғистон тажрибасида қўлланилган.
Шу нуқтаи назардан, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар фақат кўчат экиш билан чекланмайди. Асосий эътибор ерларнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш, уларни қурилиш ва бошқа мақсадларга асоссиз ажратишнинг олдини олиш, дарахт ва буталарнинг яшовчанлигини таъминлаш, сув тежамкор суғориш тизимларини жорий этиш, ҳаво сифати ва яшиллик қопламини доимий мониторинг қилишга қаратилади.
Йўл ёқаларида табиий ўсиб чиққан дарахт ва бута ниҳолларини сақлаб қолиш масаласи ҳам алоҳида эътиборда.
