🌿
2026-07-13 09:00:00 / Экофаол ходим

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 13–17 июль кунлари республика ҳудудига жанубдан ўта иссиқ ҳаво оқимлари кириб келиши кутилмоқда. Айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 44–46°C гача кўтарилиши прогноз қилинмоқда.
Аномал иссиқ ҳаво инсонлар билан бир қаторда мамлакатимиздаги яшил ҳудудлар, дарахтлар, буталар ва ҳайвонот дунёси учун ҳам жиддий хавф туғдиради. Дарахтларнинг қуриб қолиши, яшил ҳудудларнинг зарарланиши ҳамда сув танқислиги экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу муносабат билан барча юртдошларимиз ва мутасадди ташкилотларни эҳтиёт чораларига қатъий амал қилишга чақирамиз.
Хусусан, юртдошларимизга қуйидагилар тавсия қилинади:
- Куннинг энг иссиқ вақти — соат 11:00 дан 17:00 гача имкони қадар очиқ ҳавода бўлмаслик;
- Етарли миқдорда сув истеъмол қилиш, енгил ва оч рангли кийимлар кийиш ҳамда қуёш нурларидан ҳимояланиш;
- Болалар, ёши улуғ инсонлар ва саломатлигида муаммоси бўлган шахсларга алоҳида эътибор қаратиш;
- Ўрмонлар, дам олиш масканлари ва бошқа яшил ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш, очиқ олов ёқмаслик ҳамда ёнувчан чиқиндиларни ташлаб кетмаслик;
- Хонадон ва маҳалла ҳудудидаги қаровсиз қолган дарахтларга бефарқ бўлмаслик, уларни қуриб қолишдан асраш чораларини кўриш;
- Хонадонлар ва маҳаллалардаги дарахт ҳамда буталарни эрта тонгда ёки кечқурун мунтазам суғориш, тупроқ намлигини сақлаш мақсадида илдиз атрофи тупроғини юмшатиш ва имкониятдан келиб чиқиб органик қоплама (мулча) қўллаш;
- Дарахтлар ва бошқа яшил ҳудудларга зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилиш.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, коммунал хизматлар, маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар ҳамда ҳудудлардаги барча мутасадди ташкилотларга эса қуйидаги вазифаларни кучайтириш тавсия этилади:
- Аҳоли яшаш пунктларидаги дарахтлар, буталар, гулзорлар ва бошқа яшил ҳудудларнинг ҳолатини доимий мониторинг қилиш;
- Юқори ҳарорат шароитида дарахт ва кўчатларни агротехник талаблар асосида, белгиланган графикларга мувофиқ мунтазам ва ўз вақтида суғориш ишларини ташкил этиш;
- Суғориш тармоқлари, ариқлар ва сув етказиб бериш инфратузилмасининг узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда мавжуд носозликларни зудлик билан бартараф этиш;
- Янги экилган кўчатлар ҳамда қуриб қолиш хавфи юқори бўлган яшил ҳудудларни алоҳида назоратга олиб, қўшимча парвариш ишларини ташкил этиш;
- Сув ресурсларидан оқилона ва тежамкор фойдаланган ҳолда томчилатиб суғориш ва бошқа сув тежовчи технологияларни босқичма-босқич кенг жорий этиш;
- Қурилиш ва ишлаб чиқариш объектлари атрофидаги дарахтларни қурилиш чанги таъсиридан муҳофаза қилиш, зарурат туғилганда уларнинг баргларини сув билан ювиш ҳамда илдиз қисмига сувнинг эркин сингишини таъминлаш;
- Ҳайвонот дунёси, айниқса ёввойи ҳайвонлар ва қушлар учун сув манбаларини сақлаш, табиий ҳудудларда ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда табиат объектларини муҳофаза қилиш чораларини кучайтириш.
Унутманг! Бугун амалга ошириладиган ҳар бир эзгу амал — эртага фарзандларимиз нафас оладиган мусаффо ҳаво, салқин муҳит ва барқарор экологик келажак учун хизмат қилади. Ҳар бир сақлаб қолинган дарахт иссиқлик таъсирини юмшатиш, ҳаво сифатини яхшилаш ва табиий мувозанатни таъминлашга хизмат қилувчи бебаҳо бойликдир.
Барчангизни табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга, мавжуд яшил ҳудудларни асраб-авайлашга ҳамда аномал иссиқ даврида экологик масъулиятни янада кучайтиришга чақирамиз.
