Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
2026-07-03 17:00:00 / Брифинглар
Бугунги брифингда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан 2026 йилнинг апрель-июнь ойларида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот бериб ўтамиз.
Жорий йилнинг 2-чорагида Агентликка жами 499 та топшириқ белгиланди. Жумладан:
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган 213 та ҳужжат асосида 237 та топшириқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг 39 та ҳужжати асосида 47 та топшириқ ва Вазирлар Маҳкамасининг 201 та ҳужжати асосида 215 та топшириқ белгиланган.
Бугунгача, уларнинг барчасининг ижроси тўлиқ ва сифатли бажариб келинмоқда. Ушбу топшириқлар ижроси доирасида меҳнат миграцияси соҳасида бир қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилди.
Май ойида биринчи Тошкент Халқаро миграция форуми ўтказилди. Унда 10 та халқаро ташкилот ва 47 та давлатдан 600 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Анжуманда делегациялар раҳбарлари, халқаро ташкилот вакиллари ва соҳавий экспертлардан иборат 50 нафар спикерлар иштирокида 2 та ялпи мажлис ҳамда 5 та панель сессия ўтказилди.
Миграция агентлиги томонидан йўлга қўйилган мақсадли ишлар натижасида меҳнат миграцияси географияси кенгайтирилди. Хусусан, 4 та давлат (Австрия, Сербия, Швеция, Япония) билан ҳукуматлараро ва идоралараро келишувлар имзоланди. Шунингдек, 27 та давлатдаги 101 та иш берувчи билан ҳамкорлик шартномалари тузилди.
Дипломатик ваколатхоналар билан биргаликда 173 минг, 222 та иш ўрни аниқланди (ўртача иш ҳақи 1,5 минг долл.). АҚШ, Франция, Италия, Британия ва Туркия билан қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларига ишчиларни жалб этиш йўлга қўйилди.
21 та давлат билан қассобчилик, йўл қурилиши, авиация ва автомобил индустрияси соҳаларида янги йўналишлар очилди, тиббиёт, логистика, пайвандлаш каби йўналишлар кенгайтирилди.
Хорижий ташкилотлар ва нодавлат таълим муассасалари билан биргаликда ҳудудларда хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқаролар учун ўқув курслари ташкил қилиниб, уларни бепул хорижий тилларга ўқитиш имкониятлари кенгайтирилди.
Хорижий компаниялар билан техникумларда ташкил этилган 38 та “касб + тил” қўшма таълим лойиҳаларида 3 минг 700 нафар фуқаро ўқитилмоқда. Туркиянинг “Ариа” ва Латвиянинг “Сертификат центр” ташкилоти билан 5 та ҳудудда касб бўйича халқаро малакани баҳолаш йўлга қўйилди. Германиянинг TELC сертификатлаш маркази очилди.
Учтепа туманида халқаро стандартларга асосланган “Интил” халқаро тил ва касбларга ўқитиш маркази ташкил этилди.
Термиз шаҳрида бир дарча тамойили асосида хизмат кўрсатиш бўйича “Ягона миграция маркази” ташкил этилди.
Швеция, Австрия, Чехия, Германия, Словакия, Франция ва Италияда Миграция агентлигининг “фахрий вакиллари” тайинланди.
Ҳурматли юртдошлар!
Амалга оширилган ишлар мамлакатимиз фуқароларини хавфсиз, ташкиллаштирилган ва қонуний меҳнат миграциясига йўналтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
Эътиборингиз учун раҳмат! Ҳайр, саломат бўлинг!
