Миграция агентлиги раҳбарияти ва ходимларига нисбатан тарқатилаётган асоссиз маълумотлар юзасидан
2026-06-20 14:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Сўнгги вақтларда айрим Telegram каналлари ва бошқа интернет ресурсларида Миграция агентлиги раҳбарияти ҳамда ходимларига нисбатан ҳақиқатга тўғри келмайдиган, текширилмаган ва бир томонлама талқин қилинган маълумотлар тарқатилмоқда.
Мазкур ҳолатлар бўйича ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда текширув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув натижаларига кўра барча ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилади.
Шу муносабат билан жамоатчилик эътиборини шу нарсага қаратамизки, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига оид ҳар қандай маълумотлар фақат расмий манбалар ва ишончли далилларга асосланган ҳолда баҳоланиши лозим.
Айрим интернет ресурслари орқали шахсий маълумотларни тарқатиш, шаън ва қадр-қимматга путур етказувчи маълумотларни эълон қилиш, шунингдек, жамоатчиликни чалғитишга қаратилган ҳаракатларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.
Миграция агентлиги ўз фаолиятини очиқлик, қонунийлик ва жавобгарлик тамойиллари асосида давом эттирмоқда ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда барча ҳолатларга ойдинлик киритилишини таъминлайди.
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакилларини фақат расмий ахборот манбаларига таянишга чақирамиз.
Миграция агентлиги матбуот хизмати
