8 декабр Конституция куни
2025-12-08 09:00:00 / Байрамлар

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Парламент томонидан 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган. Ушбу байрам бутун Ўзбекистон бўйлаб кенг нишонланади.
Мустақил тараққиёт йилларида эришилган барча ютуқларимиз, халқимиз турмуши фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар туб замирида Бош қомусимиз тамойиллари мужассамдир. Анъанавий миллий қадриятларимиз ва замон талабларини ифода этувчи Бош Қомусимиз Янги Ўзбекистон ривожланишининг ҳуқуқий пойдевори бўлиб келмоқда.
Айниқса, янги таҳрирдаги Конституциямиз юртимизда адолат ва қонун устуворлиги, халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларини таъминлашнинг мустаҳкам кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.
Қолаверса, Бош ҳужжатимиз Ватандошларимизнинг юксак эътирофига сазовор бўлиб, халқаро ҳамжамият орасида ҳам улкан сиёсий ва маънавий маънога эга манба сифатида ҳурмат қозонган.
Бугун давлатимизнинг молиявий захираларини самарали бошқариш, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш устидан Олий молиявий назорати тизимини такомиллаштириш йўлида ҳам Конституциямиз асосий ҳуқуқий асос бўлиб келмоқда.
Бундан кейин ҳам биз Конституциямизда мужассам этилган улуғвор ғоя ва принципларга содиқ қолиб, мамлакатимизнинг молиявий назорат тизимини халқаро стандартлар билан ҳамоҳанг такомиллаштириб борамиз.
Конституциямизда акс этилган нормаларни ҳаётга тўла татбиқ этиш ва уларга амал қилиш – бу барчамизнинг шарафли бурчимиздир.
