Самарқандда Глобал экологик фонднинг VIII Ассамблеяси расман бошланди
2026-06-04 21:00:00 / Экофаол ходим

Тадбирда дунёнинг 186 мамлакатидан вазирлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат тузилмалари ва ишбилармон доиралар вакиллари, олимлар, фуқаролик жамияти, ёшлар ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева нутқ сўзлади ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг ассамблея иштирокчиларига йўллаган мурожаатини ўқиб эшиттирди.
Давлат раҳбари мурожаатида анжуманнинг айнан асрлар давомида Шарқ ва Ғарб, турли маданият ва цивилизациялар, илм-фан ва амалий билимлар туташган маскан ҳисобланган Самарқандда ўтказилаётгани рамзий маънога эга экани таъкидланди. Шунингдек, Ассамблеянинг Бутунжаҳон атроф-муҳит куни арафасида ўтаётгани ҳам қайд этилди.
Президент иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг қисқариши ва атроф-муҳит ифлосланишини ўз ичига олган замонамизнинг мисли кўрилмаган экологик муаммоларига эътибор қаратди. Фаолияти давомида бутун дунё бўйлаб экологик лойиҳаларни амалга ошириш учун 170 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағни сафарбар этган Глобал экологик фонднинг муҳим ўрни таъкидланди.
Мурожаатда Марказий Осиёдаги экологик таҳдидларга алоҳида эътибор қаратилди. Иқлим ўзгариши, чўлланиш, ерларнинг таназзули, музликларнинг эриши ва сув ресурслари танқислиги минтақа учун асосий муаммолар бўлиб қолаётгани қайд этилди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, бугунги кунда Марказий Осиёдаги қарийб 37 миллион аҳоли кучли сув танқислиги шароитида яшамоқда, 2050 йилга бориб эса бу кўрсаткич 75 миллион кишига етиши мумкин.
Давлат раҳбари Янги Ўзбекистон экологик трансформацияни тараққиётнинг янги модели сифатида кўраётганини таъкидлади. Мамлакатда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни сақлаш, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, экологик таълим ва маданиятни ривожлантиришга қаратилган бешта миллий лойиҳа амалга оширилмоқда.
2030 йилгача бўлган мақсадли кўрсаткичлар қаторида алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини мамлакат ҳудудининг 21 фоизигача кенгайтириш, атмосферага зарарли чиқиндилар ҳажмини 10,5 фоизга қисқартириш ҳамда республика бўйлаб дендрологик ва ботаника боғларини ташкил этиш белгиланган.
Мурожаатда чиқиндиларни қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилда Ўзбекистонда чиқиндилардан энергия ишлаб чиқарувчи иккита корхона, кейинги икки йил ичида эса яна тўққизта объект ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Бу йилига 5,5 миллион тоннагача чиқиндини қайта ишлаш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини 1,1 миллион тоннага камайтириш имконини бериши кутилмоқда.
Экологик таълим ва фан масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. “Green University” негизида 10 та илмий-тадқиқот институти ва маркази ҳамда 14 та “яшил” техникум бирлаштирилди. Мамлакатда қарийб икки миллион ёшнинг экологик саводхонлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар бошланди.
Мурожаатнинг катта қисми Оролбўйини тиклаш масаласига бағишланди. Ўзбекистон ҳудудни тикланиш, илм-фан ва инновациялар маконига айлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, икки миллион гектардан ортиқ таназзулга учраган ерларни тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Президент қатор халқаро ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, Самарқандни “Марказий Осиёнинг яшил инвестициялар ва инновациялар пойтахти” деб эълон қилиш, Колумбия университетининг Барқарор ривожланиш маркази билан ҳамкорликда Улуғбек номидаги Барқарор ривожланиш илмий-тадқиқот институтини ҳамда Иқлим ўзгариши ва гидрометеорология миллий марказини ташкил этиш таклиф қилинди.
Шунингдек, Марказий Осиё давлатларига Қозоғистон Президенти билан келишилган “Тоза ҳаво” давлатлараро консорциумига қўшилиш таклиф этилди. Ушбу консорциум экологик мониторингни ривожлантириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва “яшил” молиялаштиришни жалб қилишга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.
Давлат раҳбари Ўзбекистоннинг Глобал экологик фонднинг донор мамлакатлари қаторига қўшилишга тайёрлигини маълум қилди ва минтақавий экологик ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлаш ниятини билдирди.
Очилиш маросимида БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТ Атроф-муҳит дастури ижрочи директори Ингер Андерсен, Базель, Роттердам ва Стокгольм конвенциялари ижрочи котиби Рольф Пайет ҳамда GEF бош директори ва стратегия ҳамда операциялар бўйича раҳбар Клод Гаскон ҳам сўзга чиқди.
Тадбир иштирокчилари глобал экологик муаммоларга самарали жавоб қайтариш учун халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий салоҳиятни бирлаштириш ва иқлимни молиялаштиришни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Глобал экологик фонднинг VIII Ассамблеяси ўз ишини Самарқандда ялпи мажлислар, мавзули форумлар ҳамда барқарор ривожланиш, иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликни сақлаш ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришга бағишланган халқаро тадбирлар шаклида давом эттиради.






