Расмий муносабат!
2026-05-26 17:30:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Фуқаро Низом Бекмуродовнинг ижтимоий тармоқлар орқали “Персей” ташкилотида меҳнат фаолияти олиб бораётгани, бироқ ойлик иш ҳақи ҳамда ишлаш ҳуқуқини берувчи патент ҳужжатлари ўз вақтида расмийлаштирилмаётгани юзасидан қолдирган мурожаати Миграция агентлиги томонидан назоратга олинди.
Мазкур ҳолат бўйича Агентликнинг Россия Федерациясидаги Ваколатхонаси томонидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилди. Жумладан, фуқаро Низом Бекмуродов ҳамда иш берувчи ташкилот масъуллари иштирокида онлайн мулоқот ташкил этилиб, мурожаатда кўтарилган масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Ўрганишлар давомида иш берувчи томонидан фуқаронинг ишлаш ҳуқуқини берувчи патент ҳужжатлари 2026 йил 5 июнга қадар расмийлаштириб берилиши, шунингдек ҳисобланган ойлик иш ҳақи ой якунига қадар тўлаб берилиши маълум қилинди.
Шу билан бирга, “Персей” ташкилотида меҳнат қилаётган фуқаролар билан Ваколатхона томонидан мунтазам равишда учрашув ва мулоқотлар ўтказиб келинмоқда. Ушбу жараёнларда меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, иш шароитларини яхшилаш ҳамда ҳужжатлаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилиниб, тегишли тушунтиришлар берилган.
Фуқарога, зарурат юзага келган тақдирда, Ватанга қайтиш учун бир марталик авиачипта ҳамда моддий ёрдам ажратилиши мумкинлиги бўйича ҳам ҳуқуқий ва амалий тушунтиришлар берилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқаро ва иш берувчи ўртасидаги масалаларни ижобий ҳал этиш бўйича келишувга эришилган бўлиб, жараён Миграция агентлиги томонидан назорат қилиб борилмоқда.
