Ҳамма учун қизиқ бўлган саволга Америкалик иш берувчи — USA Farm Labor ташкилоти раҳбари Manuel Fick жавоб берди!
2026-05-24 18:55:00 / Янгиликлар

Америкадаги компания сифатида биз Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликни йўлга қўйдик ва Ўзбекистондан кўплаб ишчиларни Америка Қўшма Штатларига фермерлар учун ишлашга олиб боришни истаймиз.
Биз АҚШ бўйлаб тахминан 1400 та фермерга хизмат кўрсатамиз ва уларни ишчи кучи билан таъминлаймиз. Ўзбекистонлик ишчиларни ҳам фермерларимизга таклиф қилишни жуда хоҳлаймиз. Фермерлар доим янги ва ишончли меҳнат бозорини қидиришади.
Биз Ўзбекистонлик ишчилар меҳнаткаш, оилапарвар, масъулиятли ва яхши малакага эга инсонлар эканини билдик. Улар тажрибали, яхши ўқитилган ва кўпчилиги хорижда ишлаш тажрибасига ҳам эга. Биз энг яхши мутахассисларни танлаб, уларни АҚШдаги фермерларимизга ишга жойлаштиришимиз мумкинлигига ишонамиз.
Бизнинг фермерлар турли соҳалар билан шуғулланишади. Айримлари катта ер майдонларига эга бўлиб, ер ҳайдаш, дорилаш, ҳосил йиғиш ва юк ташиш ишларини амалга оширишади. Бошқалари эса чорвачилик билан шуғулланади, баъзиларида экинчилик ҳам, чорвачилик ҳам мавжуд.
Биз асосан малакали ва ярим малакали ишчиларни қидирмоқдамиз. Шунинг учун тажрибаси тасдиқланадиган, билимли инсонлар керак бўлади. Бу жуда яхши имконият.
Шунингдек, комбайн ҳайдовчилари жамоалари ҳам бор. Улар Техасдан то Шимолий Дакотагача юриб, бошқа фермерлар учун ҳосил йиғишади. Улар пудратчи сифатида ишлашади ва бу ишлар учун ҳам ҳайдовчилар ва ишчилар керак бўлади.
Бундан ташқари, фермерларга хизмат кўрсатувчи махсус компаниялар ҳам бор. Улар тўсиқ қуриш, дон сақлаш омборлари барпо қилиш каби ишлар билан шуғулланишади. Айримлари ўғит тарқатиш ишларини амалга оширишади — ишчилар ўғитни юклаб, минглаб гектар майдонларга тарқатишади.
Яна бошқалар минерал ўғит сепиш билан шуғулланади. Ҳатто экинларга ҳаводан дорилаш ишларини амалга оширадиган мижозларимиз ҳам бор. Агар сизларда шундай учувчилар бўлса, бу соҳада маош жуда юқори — соатига тўланадиган ҳақиқатан ҳам катта иш ҳақлари мавжуд.
Ҳозирча қисқача айтганда вазият шу. Менимча, бу жуда яхши имконият. Биз одамлар нималарни билишини ўрганяпмиз ва аста-секин кўпроқ маълумот тўплаяпмиз. Бизга Ўзбекистонлик ишчиларни расман таклиф қилиш учун “яшил чироқ” берилган.
Кеча сизлардаги ўқув марказини кўриш насиб қилди. Ўзбекистон ҳукумати мамлакат бўйлаб турли касбларга ўқитадиган марказлар ташкил қилгани жуда таъсирли экан. Мен у ерда юк кўтарувчи техника бўйича ўқув жараёнини кўрдим. Шунингдек, сантехника ва электр ишлари бўйича ҳам ўқувлар бор экан.
Бундай кўк ёқали, ярим малакали ва малакали мутахассислар бизга жуда керак. Масалан, сантехника, механика, техника таъмири, жиҳозларга техник хизмат кўрсатиш каби соҳаларда билимли одамлар зарур. Айримлар эса катта техникаларни тўлиқ ажратиб, эҳтиёт қисмларини алмаштира оладиган юқори малакали мутахассислар бўлиши мумкин.
Шунингдек, мен сизларда кўплаб John Deere тракторлари ва техникаларини кўрдим. Балки Европада ишлаб чиқарилган вариантлари ҳам бордир. Америкада ҳам бу техникалар жуда кенг тарқалган.
