Меҳнат муҳожирлари ўртасида юзага келган низоли ҳолат юзасидан
2026-05-13 20:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Россия Федерациясининг Ленинград вилояти, Киров тумани, Приладожский посёлкасида жойлашган “Синявинская” паррандачилик фабрикасида 2026 йил 12 май куни турли давлатлардан бўлган ишчилар ўртасида оммавий низоли ҳолат юзага келган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу ҳодисада Ўзбекистон Республикаси ҳамда Бангладеш Республикасидан бўлган жами қарийб 60 нафар ходим иштирок этган, шундан 30 нафари Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланади.
Юзага келган низоли вазият натижасида 24 нафар шахс тиббий муассасаларга жойлаштирилган бўлиб, улардан 3 нафари Ўзбекистон фуқаролари, 21 нафари Бангладеш фуқароларидир. Жабрланганларнинг 7 нафари оғир аҳволда экани қайд этилган. Шунингдек, 12 нафар шахс маъмурий тартибда ушланган.
Дастлабки маълумотларга кўра, низога айрим ходимлар ўртасида юзага келган шахсий келишмовчилик ва ножўя хатти-ҳаракат сабаб бўлган бўлиб, ҳолат аввал ишлаб чиқариш ҳудудида бошланган тортишувдан кейин ётоқхона ҳудудида давом этган ва оммавий тус олган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Россия Федерацияси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Миграция агентлиги ваколатхонаси мазкур вазиятни доимий назоратга олган бўлиб, маҳаллий ҳокимият органлари ва иш берувчи билан алоқалар ўрнатилган.
Қўшимча маълумотлар юзасидан расмий ахборот бериб борилади.
