Хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларига расмий огоҳлантириш
2026-05-10 18:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлиги хорижий давлатларда меҳнат қилаётган ёки яшаётган фуқароларни қуролли можаролар ҳамда ноқонуний ҳарбий фаолиятга жалб этиш ҳолатлари ортиб бораётганини жиддий хавотир билан қайд этади.
Сўнгги вақтларда айрим шахслар томонидан фуқароларга “иш”, “ҳуқуқий ёрдам” ёки “тез кириш рухсатини ҳал қилиш” каби ваъдалар орқали ишончга кириб, уларни турли хавфли ҳудудлар ёки ҳарбий тусдаги фаолиятларга жалб этишга уриниш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай ҳаракатлар фуқароларнинг ҳаёти, эркинлиги ва келажаги учун жиддий хавф туғдиради.
Қатъий равишда эслатиб ўтилади:
— қуролли можаролар олиб борилаётган ҳудудларда иштирок этиш;
— хорижий давлатларнинг қуролли кучлари ёки бошқа ҳарбий тузилмаларига қўшилиш;
— ёлланма асосда ҳарбий фаолиятда иштирок этиш;
— шубҳали шахслар ёки гуруҳларнинг “ёллаш” таклифларига розилик билдириш
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154¹-моддасига кўра, ёлланма асосда ҳарбий фаолиятда иштирок этиш қатъий жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.
Миграция агентлиги фуқароларни ҳар қандай шубҳали таклифларга ишонмасликка, ҳужжат ва маълумотларни олдиндан текширмасдан ҳеч қандай қарор қабул қилмасликка чақиради.
Агар шубҳали ҳолатлар ёки таклифларга дуч келсангиз, дарҳол Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ёки Миграция агентлиги ваколатхоналарига мурожаат қилишингиз сўралади.
Фуқароларнинг ҳаёти ва хавфсизлиги — энг устувор масала ҳисобланади.
