Ўзбекистон АҚШ билан меҳнат миграцияси бўйича янги келишувларга эришди
2026-05-13 09:00:00 / ОАВ биз ҳақимизда

Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўтган Халқаро миграцияни кўриб чиқиш форуми (IMRF) доирасида бир қатор халқаро ташкилот ва компаниялар билан учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.
Идора раҳбари Беҳзод Мусаев форумдаги нутқида Ўзбекистонда миграция соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, касбий ва тил тайёргарлиги тизими ҳамда халқаро ҳамкорлик натижалари ҳақида маълумот берган. У миграцияни фақат иқтисодий зарурат эмас, балки инсон капиталига инвестиция сифатида баҳолаш кераклигини таъкидлаган.
Шунингдек, Халқаро миграция ташкилоти бош директори ўринбосари Угочи Дэниэлс билан хорижда ишлаётган фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда Тошкентда ўтказилиши режалаштирилаётган Халқаро миграция форумининг ташкилий масалалари муҳокама қилинган.
АҚШдаги Logan University билан Америка меҳнат бозори учун тиббиёт ходимларини мақсадли тайёрлаш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ва инсон ресурсларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланган.
Бундан ташқари, Missouri Trucking School вакиллари билан 160 соатлик махсус дастур асосида юк автомобили ҳайдовчиларини АҚШ стандартлари бўйича тайёрлаш ва ишга жойлаштириш механизмлари муҳокама қилинган.
АҚШ қишлоқ хўжалиги иш берувчилари кенгаши — NCAE билан мавсумий иш дастурларини кенгайтириш ва иш берувчилар иштирокида меҳнат форумин ташкил этиш масалалари кўриб чиқилган. Head Honchos ташкилоти билан эса H-2A визаларини расмийлаштириш, Америка қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзбекистонлик кадрлар салоҳиятини тарғиб қилиш ва 8–10 ҳафталик тайёрлов дастурларини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилган.
Шунингдек, Ballon Stoll юридик фирмаси билан O, H-2A, H-2B, H-1B ва E визалари орқали АҚШда ишлаш имкониятлари ҳамда у ерда фаолият юритаётган ўзбекистонликларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш масалалари юзасидан музокаралар олиб борилган.
Ўзбекистон 2026 йил март ойи охирида АҚШдаги мавсумий ишлар дастури бўйича дастлабки талабномаларни олганди. Фуқаролар иш давомийлиги 9−10 ой (мавсумий), иш ҳақи ойига ўртача 3500 доллар бўлган ишга юборилади. Уларга турар жой иш берувчи томонидан бепул берилади. Малакали мутахассисларга устуворлик берилади.
Манбаа: daryo.uz, www.uzdaily.uz, dunyo.info, @migrant_musofir.

