Расмий баёнот
2025-12-10 17:30:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда Ўзбекистон фуқаролари учун учинчи мамлакатлар орқали Корея Республикасига визасиз кириш ва кейинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мумкинлиги ҳақида асоссиз маълумотлар тарқалмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонаси томонидан берилган расмий маълумотга кўра, мазкур хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди ва фуқароларимиз орасида чалғитувчи ахборотлар сони ортиб бораётгани кузатилмоқда.
Маълумот учун: Корея Республикасининг визасиз режимлари Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида киришини назарда тутмайди.
Электрон рухсатнома — К-ЭТА фақат қисқа муддатли сайёҳлик ёки ишбилармонлик мақсадида ташриф буюрувчилар учун мўлжалланган бўлиб, Кореяда ишлаш ҳуқуқини бермайди. Таҳлилларда, мазкур нотўғри маълумотларни тарқатаётган шахслар асосан Туркия ва Корея Республикасида рўйхатдан ўтган телефон рақамларидан фойдаланмоқда. Қўшимча текширувлар эса уларнинг ҳеч қандай расмийваколатга эга эмаслиги, аксинча, фуқароларни “виза ёрдами” ёки “ишга жойлаштириш” баҳонасида алдаш ва пул талаб қилиш билан шуғулланувчи фирибгарлар эканини маълум бўлди.
Қолаверса, Корея Республикаси миграция хизматлари ушбу ҳолатлар юзасидан назоратни кучайтирган. Қонунбузарликка алоқадорликда гумон қилинган шахсларни мамлакатга киритишни рад этилмоқда. Бу эса айбсиз фуқароларимиз учун ҳам салбий оқибатларга сабаб бўлаётгани кузатилмоқда.
Шу муносабат билан, тарғиб қилинаётган маълумотлар ҳаққоний эмаслиги, улар орқали алданиб қолиш эҳтимоли юқори экани, бундай ҳолатлар фуқароларимизнинг ҳуқуқий ҳолатига жиддий салбий таъсир кўрсатиши ҳақида қатъий огоҳлантирамиз.
Хорижда ишлаш бўйича ишончли ва расмий маълумотларни фақат расмий манбалар орқали текширишни, тасдиқланмаган маълумотларга ишонмаслигингизни сўраймиз!
