Қонун (ЎРҚ–1095-сон, 11.11.2025 й.) билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
2025-11-12 18:00:00 / Янгиликлар

Қонун миграция ва бандлик соҳасидаги ҳужжатларни янада такомиллаштиришга, шунингдек хусусий бандлик агентликлари фаолиятининг ошкоралиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган.
Миграция ва бандлик соҳасидаги қонунчилик янада такомиллаштирилди. Унга кўра, Миграция агентлигининг ваколатлари аниқлаштирилди, хусусий бандлик агентликларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кенгайди.
Янги тартибга кўра Хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонунни бузиш ҳолатлари Миграция агентлиги томонидан кўриб чиқилади. (50¹-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар) Бунинг учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 255¹-модда киритилди.
Маъмурий жарима солиш ҳуқуқи Миграция агентлиги директори ҳамда унинг ўринбосарларига берилади
"Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида"ги Қонундаги ўзгаришларга кўра, хусусий бандлик агентликлари янги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлди. Энди агентликлар иш изловчилар учун касбий тайёргарлик ва хорижий тил курсларини ташкил этиш, чет эл иш берувчиларини жалб этишга ҳақли.
Янги мажбуриятлар
Хорижда иш қидираётган фуқароларга хизмат кўрсатувчи хусусий бандлик агентликлари фаолияти энди кучайтирилган молиявий кафолатлар асосида амалга оширилади.
Хусусий бандлик агентликлари ўз фаолиятини бошлашдан олдин: Базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 000 баробари миқдоридаги маблағни тижорат банкидаги махсус депозит ҳисобвараққа лицензия амал қилиш даврига қадар жойлаштириши шарт.
Ушбу маблағни Миграция агентлиги розилигисиз сарфлаш мумкин эмас. Агар маблағ сарфланган бўлса, Хусусий бандлик агентлигига белгилаган муддатда уни тўлиқ тиклаш талаб этилади.
Ушбу Маблағ — Хусусий бандлик агентлиги фаолиятининг кафолати хисобланади.
Депозитга жойлаштирилган маблағ: хусусий бандлик агентлигининг қонун талабларига тўлиқ риоя қилишининг молиявий кафолатидир шунингдек, фаолияти натижасида фуқароларга етказилиши мумкин бўлган зарарни қоплаш манбаи ҳисобланади.
Бу маблағ банк, Миграция агентлиги ва агентликнинг ўзи ўртасида тузилган махсус шартнома асосида сақланади.
Маблағларни Миграция жамғармасига ўтказиш тартиби
Агар хусусий бандлик агентлиги қонун бузилиши ёки фуқаролар манфаатларига зарар етказгани аниқланса: Миграция агентлиги асосланган талабнома киритади; Бундай холатда. Агентлик банкдаги депозитдан маблағни Миграция жамғармасига ўтказиши шарт. Агар талабнома ихтиёрий бажарилмаса, тижорат банки: талабномада кўрсатилган суммани депозитдан олиб, кейинги иш кунидан кечиктирмай Миграция жамғармасига ўтказади.
Бу механизм: фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади;
хусусий бандлик агентликлари масъулиятини оширади;
хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқаролар билан боғлиқ хавфларни камайтиради;
хизмат кўрсатиш соҳасида шаффофликни таъминлайди.
Шунингдек, Агентликлар хорижга юборилган фуқароларнинг меҳнат фаолиятини назорат қилишга мажбур агар меҳнат шароити ёки маош билан боғлиқ муаммо юзага келса тезда янги иш берувчи топиши, ёки фуқарони Ўзбекистонга қайтаришни ташкил этиши шарт. Фуқароларни қайтариш харажатлари — агентликнинг резерв маблағлари ҳисобидан қопланади.
Ушбу ўзгаришлар меҳнат миграцияси хавфсизлигини таъминлаш, агентликлар масъулиятини ошириш ва фуқаролар ҳуқуқларини янада кучлироқ ҳимоя қилишга қаратилган.
