2024 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби
2024 йил мамлакатимизда “Тиббиёт соҳасида трансформация йили” бўлди. Хусусан, бу соҳадаги сифат ўзгаришлари энг олис ва чекка ҳудудларда яшовчилар ҳаётида ҳам акс этиши учун малакали тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш чоралари кўрилди.
Бирламчи тиббий ёрдам
Поёнига етган 2024 йилда тиббиётнинг бирламчи бўғинида янги ўнга яқин турдаги скрининг текширувлари йўлга қўйилди. Тизимда амалга оширилаётган трансформация жараёнлари янги босқичга кўтарилиб, тиббиётни халққа янада яқинлаштириш чоралари кўрилди.
Бирламчи тиббий-санитария муассасалари — айни пайтда бу бўғинда 1 264 та оилавий шифокорлик пункти, 1 084 та оилавий поликлиника, 209 та кўп тармоқли марказий поликлиника ва ана шу муассасаларнинг 1 957 та филиали фаолият юритмоқда.
Сўнгги беш йилда аҳолига тиббий ёрдамни янада яқинлаштириш мақсадида оилавий шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, маҳалла тиббий пунктлари ташкил этилиб, уларнинг сони 4 600 дан ортди.
Қишлоқларда жойлашган 820 та оилавий поликлиника янги замонавий УЗИ, ЭКГ аппаратлари, стоматологик ускуналар каби 11 турдаги тиббий жиҳозлар билан таъминланди.
Йил бошида тиббий хатловда аниқланган 8,5 млн нафар (25 фоиз) бемор соғломлаштирилди.
Самарасиз тиббий кўриклар ўрнига скрининг текширувлари жорий қилинди.
Янгича ёндашув жорий этилиши натижасида кўкрак бези саратонини эрта босқичларда аниқлаш 28,5 фоизга, бачадон бўйни саратонини аниқлаш 10,5 фоизга ошди.
“103” хизмати
Кейинги йилларда “103” хизмати фаолиятини такомиллаштириш, соҳа амалиётига энг сўнгги илмий-техник воситалар ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Республика тез тиббий ёрдам марказининг мамлакатимиз бўйлаб 2 800 дан ортиқ тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқлар учун доимий шай ҳолда.
Бундан ташқари, 2017 йил 818 та тез тиббий ёрдам шахобчаси фаолият кўрсатган бўлса, 2024 йил улар сони 1 766 тага кўпайди.
Тез тиббий ёрдам бригадалари сони ушбу даврда 1 648 тадан 2 853 тага етди. “Тез ёрдам”нинг хизмат кўрсатиш радиуси шаҳарларда 25-30 километрдан 9-12 километрга қисқарди.
Охирги йилларда тизимда узоқ йиллар фойдаланиб келинган, эскириб қолган ва зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланмаган автотранспорт воситаларининг 80 фоизи янгиланиб, 2 224 та энг замонавий автомашиналар фойдаланишга топширилди. 2017 йилда атиги 24 та бўлган реанимобиллар сони 2024 йилнинг айни даврига келиб, 510 тага етказилди. Соҳага 1 000 дона замонавий Volkswagen Caddy русумли автомобиллар етказиб берилди ва тизимдаги барча автотранспорт воситалари GPS-трекер билан таъминланди.
Битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағлар миқдори 16 бараварга, дори-дармон турлари эса 20 тадан 45 тагача оширилди.
“103” хизмати фаолиятини такомиллаштиришда Тошкент шаҳар тажрибаси алоҳида ўрин тутади. Шундан келиб чиқиб, барча ҳудудий филиалларда тез тиббий ёрдам бўйича электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими жорий қилинди.
Ихтисослаштирилган тиббий ёрдам
Бир пайтлар илғор хорижий мамлакатлар, кейинчалик асосан пойтахтда бажарилган юқори технологик операциялар, инновацион диагностика усуллари эндиликда ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий этиляпти.
Хусусан, сўнгги йилларда ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида қўлланилаётган диагностика усуллари 70 тадан қарийб 550 тага, даволаш усуллари 60 тадан 800 тага кўпайди. Ҳудудларда юқори технологик операциялар улуши 61 фоизга етказилди.
Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиалларида ҳар йили ўртача 100 минг нафар имтиёзли тоифага мансуб беморлар электрон ордер асосида даволанмоқда.
Бундай ютуқларнинг муносиб эътирофи сифатида 7 та ихтисослаштирилган тиббиёт маркази халқаро аккредитациядан ўтди. 2024 йилнинг ўзида 7 та ихтисослаштирилган марказларимиз халқаро сифат сертификатларига эга бўлдилар. Булар катталар ва болалар миллий тиббиёт марказлари, республика ихтисослаштирилган хирургия, она ва бола саломатлиги, эндокринология, педиатрия ҳамда дерматовенерология ва косметология тиббиёт марказлари.
Оналар ва болалар саломатлиги
Оналар ва болалар саломатлиги ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиш индикатори ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам кейинги йилларда бу соҳа мутлақо янгича ёндашувлар асосида ислоҳ қилинмоқда.
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишида 17 млн. нафардан ортиқ аёлларга (9,3 млн. нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёллар) 22,3 мингта ўринга эга 230 та туғруқ муассасалари ва 18 ёшгача бўлган (12,9 млн. нафардан ортиқ болалар) болаларга 28,0 мингта ўринга эга 245 та педиатрия муассасалари аҳолига хизмат қилиб келди.
Шу билан бирга, бирламчи тиббий-санитария муассасаларида “Аёллар маслаҳатхона”лари, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларда “Пренатал скрининг хона”лари, “Онко-назорат хона” лари фаолият юритаяпти.
2024 йилда марказий кўп тармоқли туман ва шаҳар поликлиникалари “Пренатал скрининг хона”ларидан жами 726 017 нафар (95,6%) ҳомиладорлар пренатал ультратовуш текширувидан ўтказилиб, 14 821 нафарида (2,0%) ҳомилада туғма нуқсони ва акушерлик патологияси аниқланди. Аниқланганларнинг 13 335 нафарида (89,9%) ҳомиладорлик тўхтатилган.
900 минг нафар чақалоқларни туғма гипотиреоз, фенилкетонурия касалликларини аниқлаш бўйича 2024 йилда неонатал скринингдан ўтказиш юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Pribory oy” (Финляндия) компанияси ўртасида тузилган шартнома асосида 579 754,5 АҚШ доллари қийматидаги реактивлар, реагентлар ва сарфловчи материаллари ҳудудий “Она ва бола скрининги” бўлимларига жорий йилнинг март ойида етказиб берилган. Чақалоқларни неонатал скрининг текширувлари жорий йилнинг 1 апрел кунидан бошлангин бўлиб, шу кунга қадар 464 801 нафар чақалоқларда туғма гипотиреоз, фенилкетонурия касалликларига неонатал скрининг текширувлари ўтказилди ва 4 457 нафар чақалоқларда туғма гипотериозга ва 1 718 нафар чақалоқларда фенилкетонурияга ҳавф гуруҳи аниқланган.
2024 йилда жойлардаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тасдиқланган тармоқ режа асосида 9,3 млн нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёлларнинг 8,8 млн нафари (95,3%) тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 3,1 млн нафарида (35,3%) экстрагенитал касалликлар аниқланди. Уларнинг 2,6 млн (84,9%) нафари соғломлаштирилган. Шундан 2,0 млн нафари (78,4%) амбулатор ва 217,6 минг нафари (8,2%) стационар шароитда соғломлаштирилди.
2023 йил 1 июлдан оилавий шифокор пунктлари ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари “тиббий бригадалари” таркибига 8 500 нафар дояларнинг фаолияти йўлга қўйилди. Уларни режа асосида “тиббий бригада дояси” кўникмалари бўйича ўқитиш мақсадида ҳудудларда фаолият юритаётган 8 500 нафар доялар рўйхати шакллантирилди.
Тиббий таълим
Сўнгги йилларда юртимизда тиббиёт йўналишида илғор таълим стандартлари асосида юқори билимга эга мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳозир мамлакатимиздаги 11 та тиббиёт давлат тиббиёт олий таълим муассасаси ҳамда 14 та нодавлат олий ўқув юртида соҳа учун мутахассислар тайёрланяпти. Шунингдек, Россия, Корея, Германия, Беларусь, Туркия, Украина, Ҳиндистон, Италия, Хитой, Польша давлатларининг 25 та университети билан 12 та бакалавриат йўналиши, 14 та магистратура ва 11 та клиник ординатура мутахассислиги бўйича халқаро қўшма таълим дастурларига мувофиқ 1 517 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Шунингдек, тиббиёт олий ўқув юртларимиз талабалари орасида Россия, АҚШ, Ҳиндистон, Покистон,Туркманистон, Қозоғистон каби 20 дан зиёд давлатлардан келиб билим олаётган 6 минг нафарга яқин ёшлар ҳам бор.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ тиббиёт коллежлари негизида ташкил этилган 74 та Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида 7 та йўналиш бўйича ўрта тиббиёт ходимлари тайёрланяпти. Ўз навбатида, Чилонзор Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми негизида Ҳамширалар академияси ташкил этилди. Мазкур муассаса қошида Туркиянинг соғлиқ билимлари университети факультети очилди.
Муҳими, ана шу соҳадаги ютуқларимиз халқаро миқёсда ҳам тан олиняпти, эътироф этилмоқда.
Чунончи, Тошкент тиббиёт академиясининг бакалавриат, магистратура, клиник ординатура ва малака ошириш мутахассисликлари бўйича жами 20 га яқин таълим дастури Таълим сифатини таъминлаш бўйича мустақил халқаро аккредитация ва рейтинг агентлиги (IAAR) томонидан халқаро аккредитациядан ўтказилди ва махсус сертификатга эга бўлди.
Молиялаштириш
Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимига 2023 йилда 29 трлн сўм, 2024 йилда 33,4 трлн сўм ажратилган. 2025 йилда эса 41,3 трлн сўм ажратилиши белгиланмоқда.
2024 йилнинг ўзида 147 та соғлиқни сақлаш объектларидаги қурилиш, таъмирлаш ишлари учун 1,3 трлн сўм ажратилган.
Жорий йилда 173,4 млрд сўмга Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази учун янги бино қуриб битказилиб, 80 млн долларга жиҳозланди.
2024 йилда 441 та муассасаларга 160 млн. долларлик 1 246 турдаги 16 659 дона тиббий жиҳозлар етказиб берилди.
Хорижий инвестициялар
2024 йил якуни билан 293,1 млн доллар йиллик режа кўрсаткичидан 253,4 млн долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, режа 86,5% бажарилди.
Халқаро молия институтларининг 9 та лойиҳада ўзлаштириш ишлари давом этмоқда:
катталар лойиҳаси 6,0 млн доллар (“EDCF”, прогноз -33%);
ҳудудий муассасаларни жиҳозлаш лойиҳаси 26,1 млн доллар (“EDCF”, прогноз -1,6%);
урология ва нефрология лойиҳаси 3,9 млн доллар (Қувайт фонди, прогноз - 83%);
Миллий референс лойиҳаси 4,2 млн доллар (“KfW” банки, прогноз-10%).
Давлат-хусусий шериклик
Шунингдек, ДХШ 5 та лойиҳалар амалга оширилмоқда:
Нурли терапия маркази — 5 млн доллар (прогноз-0%);
Тошкент шаҳар 5-сон шифохонасида реабилитация маркази — 4,9 млн долл (прогноз-10%);
Республика урология маркази — 5 млн долл (прогноз-0%);
Фарғонада 750 ўринли шифохона — 27 млн долл (прогноз-0%);
Андижон ва Бухорода тиббиёт марказлари — 3 млн долл (прогноз-0%).
Рақамлаштириш
2024 йилда тиббиёт муасссалари 14 638 та компьютер ва 4 200 дан ортиқ рақамлаштириш қурилмалари билан таъминланди.
Ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун Вазиятлар маркази ташкил этилди; 52 фоиз ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинди.
Локал тармоқ ва сервер қурилмаларини монтаж ишларини амалга оширишда ички меҳнат ресурсларидан фойдаланиш натижасида 23,5 млрд сўм маблағ тежаб қолинди.
Яроқсиз деб фойдаланишдан чиқарилган 6 224 та компьютер, 105 та сервер ва 4 256 та принтер қурилмалари таъмирланиб, фойдаланишга қайтарилди. Натижада 60,5 млрд сўм ошиқча маблағ сарфланишининг олди олинди.
Ўзида 6 та тизимни (“Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона”, “Электрон рецепт”, “Электрон тиббий карта”, “Лаборатория”, “Патронаж скрининг”, “Бемор”) бирлаштирган “D-MED” ахборот тизими Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва Сирдарё, Хоразм, Бухоро вилоятида жорий этилди.
109 минг нафар (21 фоиз) тиббиёт ходимларининг ахборот-коммуникация технологиялари йўналишида саводхонлиги оширилди.
Рақамлаштириш бўйича ўринбосарларини ойлик маоши 200 фоизга (ойлик 16,5 млн сўмга), 209 та туман ТТБнинг рақамлаштиришга масъул мутахассислар маоши 120 фоизга (7,1 млн сўм) оширилди.
Хусусий тиббиёт
Кейинги йилларда юртимизда нодавлат тиббиёт муассасалари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.
Натижада 2017 йилда хусусий шифохоналар сони қарийб 3,5 мингтани ташкил этган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 9 мингдан ортди. Тиббиётнинг нодавлат секторида ихтисослик турлари 50 тадан 225 тага ошди.
Таъкидлаш лозимки, айни пайтда юртимиздаги барча тиббиёт муассасаларида ташкил этилган ўрин-жойларнинг 35 фоизи хусусий сектор улушига тўғри келмоқда. Яъни сўнгги йилларда нодавлат тиббиёт клиникаларида стационар шифо ўринлари сони сезиларли даражада ортиб, 2024 йилда 42 744 тани ташкил этяпти.
Шунингдек, хусусий шифохоналарнинг тиббиёт ихтисосликлари бўйича лицензия олишига имкон яратилди.
2 308 та амбулатор ва 421 та стационар шароитда фаолият олиб борадиган янги хусусий шифохоналар ташкил этилди.
3 704 та мавжуд нодавлат клиникалар янги тиббий ихтисослик ҳисобига ўз фаолиятларини кенгайтирди.
Шунингдек, хусусий тиббиёт муассасаларининг барчасида амбулатор, 1 532 тасида стационар хизматлари ташкил этилиб, улар томонидан кўрсатилаётган тиббий хизмат турлари 726 тадан 2 251 тага ошди.
Албатта бундай ижобий ўзгаришлар туфайли бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида нодавлат тиббиётнинг улуши 30 фоизга етди.
Жумладан, лаборатория хизматларининг 40 фоизи, офтальмология ва оператив офтальмологиянинг 60 фоизи, ЛОР ва эндоскопик ЛОРнинг 70 фоизи ва стоматологик ташхис ҳамда муолажаларнинг 91 фоизи айнан хусусий клиникалар томонидан кўрсатиляпти.
Яқин келажакда мазкур йўналишда янги нодавлат тиббиёт муассасаларини ташкил этишда халқаро стандартларни жорий этиш; хусусий секторда тиббий хизматлар сифатини ошириш, “хавфсиз тиббиёт” принципини амалиётга татбиқ қилиш; тиббий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда соҳада сифат кўрсаткичларини янада ошириш кўзда тутилган.
Тиббий хизматлар сифатини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш
Юртимизда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш — энг асосий талаблардан бири. Бунинг учун эса, биринчи навбатда, халқаро тажрибани чуқур ўрганиш ва амалиётга самарали татбиқ этиш талаб қилинади.
Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан туркиялик мутахассислар гуруҳи жалб этилган.
Улар маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликда барча бўғиндаги тиббиёт муассасаларида соҳани еттита муҳим йўналишлари бўйича, жумладан — бирламчи тиббий ёрдам, тиббий суғуртани жорий этиш ва тизимни рақамлаштириш, шифохоналарда тиббий хизмат самарадорлигини ошириш, фармацевтика ва дори-дармонлар билан таъминлаш, тиббий асбоб-ускуналар самарадорлигини ошириш ва шошилинч тиббий ёрдамни ривожлантириш устида ишламоқда.
Янги тузилмаларни ташкил этиш
2024 йилда соғлиқни сақлаш тизимида қатор янги тузилмалар ташкил этилди, замонавий шифо масканлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Хусусан, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 22 январдаги тегишли қарорига мувофиқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасида “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси ташкил этилди.
Унга давлат тиббий суғуртаси тизимини ва давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакетини тўлиқ жорий этиш, тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлиги устидан назорат тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат харидлари самараси ва шаффофлигини ошириш, фармацевтика соҳасини ислоҳ қилиш, санитария қоида ва нормаларини замонавий талаблар асосида янгилаш каби вазифалар юклатилди.
Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказига айлантирилди. Марказ ҳузурида Онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болаларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси ташкил этилди. нкологик ва гематологик касалликларга чалинган болаларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси иш бошлади.
Муассасанинг болалар онкогематологияси, гематология, онкология, реанимация, гемодиализ ва плазмоферез бўлимлари, стационар ва маслаҳат поликлиникаси замонавий жиҳозланди.
Муассасага энг сўнгги русумдаги асбоб-ускуналар келтириб ўрнатилди. Даволаш ва диагностика стандартлари янгиланди. Яна бир муҳим жиҳати, молекуляр генетика, иммуногистохимия каби мураккаб лаборатор текширувлар шу ернинг ўзида йўлга қўйилди.
Бинобарин, шу йил Соғлиқни сақлаш вазирлиги электрон платформасининг “Вазиятлар маркази” очилди. Натижада соғлиқни сақлаш соҳасидаги барча ахборот тизимларини ягона мажмуа орқали назорат қилиш механизми йўлга қўйилмоқда.
Марказ жойлардаги ахборот тизимларининг узлуксиз ишлашини таъминлаб, унда республикадаги 1 700 дан ортиқ тиббиёт муассасаларининг маълумотлар базасини реал вақт режимида кўриш ва таҳлил қилиш имконияти мавжуд.
Шу билан бирга, Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази ташкил этилди.
Пойтахтимизда амалга оширилган навбатдаги мега лойиҳалардан бири Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг янги бирлашган комплекси барпо этилиши бўлди. Бу ерда Европа ва АҚШ стандартлари асосида 17 та янги клиник бўлим, 18 та жарроҳлик хонаси, 42 та реанимация ва интенсив терапия хоналари ташкил этилди. Улар жаҳон тиббиётида қўлланилаётган энг сўнгги техникалар билан жиҳозланди. Бундай замонавий техникаларни ишлатиш учун юзга яқин мутахассис 8 та хорижий давлатда малака ошириб қайтди. Юртимиз бўйлаб 1 минг 200 нафар онколог чет элда ўқитилади.
Жарроҳлик бўлимида йилига 6 мингта юқори технологик амалиётлар ўтказиш имконияти бор. Жумладан, жуда долзарб бўлган суяк кўмиги трансплантацияси йўлга қўйилади. Янги ускуналар ёрдамида кўз, ҳалқум ва қизилўнгач қисми ўсмаларини кесмасдан олиб ташлаш мумкин. Қовуқ ўсмалари кам инвазив усулда бартараф этилади. Буларнинг самарасида беморлар тезроқ тузалиб, 3-5 кунда уйига қайтиши мумкин.
Фармацевтика
Мамлакатимизда миллий фармацевтика соҳаси жадал ривожланмоқда. Бу эса нафақат ички бозорни сифатли ва рақобатбардош дори-дармонлар билан таъминлаш, балки юртимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга ҳам хизмат қиляпти.
2025 йил учун режалар
Кириб келган йилда тиббиёт тизимидаги трансформация жараёни бутунлай янги босқичга кўтарилиши кутилмоқда. Шу мақсадда давлатимиз томонидан 2025 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига 41 триллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Эътиборли жиҳати, бу 2024 йилдагига нисбатан анча кўп кӯрсаткичдир.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида давлат тиббий суғуртаси амалиётлари жорий этилади.
“Харидлар маркази” ва унинг 13 та ҳудудий филиали ташкил этилиб, тиббий жиҳозлардан фойдаланиш электрон тизим орқали назорат қилинади. Яна 7 та ихтисослаштирилган марказ ва 2 та олий таълим муассасаси халқаро аккредитациядан ўтказилади.
Юқори технологик жарроҳлик ёрдами кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари томонидан ҳар бир вилоят бўйича 2 тадан туман (шаҳар) намунавий ҳамда илғор ҳудудга айлантирилади.
2025 йил соғлиқни сақлаш тизимида маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда ишлаш, ўз навбатида, соҳага инвестиция киритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Қисқа қилиб айтганда, тиббиётни, хусусан, патронаж хизматини халққа янада яқинлаштириш, касалликларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва самарали даволаш масалалари янги йилда ҳам фаолиятимизнинг устувор мезони бўлиб қолади.
