Транспорт-логистика хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг таклифлари тингланди
2025-10-24 10:00:00 / Янгиликлар

Унда депутатлар, Транспорт вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Парламент тадқиқотлари институти масъуллари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда транспорт ва логистика соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирок этди.
Қайд этилганидек, транспорт ва логистика соҳаси мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланиб, унинг барқарор ривожланиши миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ва жаҳон бозорига интеграциялашувини таъминлайди.
Ўзбекистоннинг географик жойлашуви мамлакатни Осиё ва Европа бозорларини боғловчи стратегик транзит нуқтасига айлантирмоқда. Шу боис, логистика тизимини такомиллаштириш, хизматлар сифатини ошириш ва халқаро стандартларга мос инфратузилма яратиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётир.
Хусусан, сўнгги йилларда юк ташиш ҳажмлари барқарор ўсиб, логистика марказлари сони кўпаймоқда. Шунингдек, транзит оқимлари диверсификация қилинмоқда ва рақамли логистика тизимлари жорий этилмоқда. Айниқса, “Е-логистика” ахборот тизимининг яратилиши орқали транспорт-логистика марказларининг ягона электрон базаси шакллантирилиб, операторлар фаолиятини баҳолаш тизимида очиқлик ва самарадорлик таъминланяпти.
Мамлакатимизда ҳозирда 16 та йирик мультимодал логистика маркази фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг йиллик юкларга ишлов бериш қуввати 10,7 млн. тоннани ташкил этади. Яқин йилларда бу кўрсаткични уч баробаргача ошириш, яъни 30 млн. тоннадан зиёд юк айланмасини таъминлаш режалаштирилган.
Бу йил январь-сентябрь ойлари якуни билан 133,6 трлн сўмлик транспорт хизматлари кўрсатилиб, 2024 йилга нисбатан 112 фоизни ташкил этди. Республика бўйича автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти турларида жами 1129,4 млн тонна юк ташилиб, ўсиш кўрсаткичи 4,5 фоизни ташкил қилди.
Жорий йилнинг 9 ойида халқаро юк ташувлар ҳажми (экспорт, импорт, транзит) 49,2 млн. тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 114,6 фоизга ўсди. Транспорт хизматлари экспорти эса 1 млрд. 756,7 млн. долларга этди ва ўтган йилга нисбатан 38,6 фоизга ошди.
Учрашувда соҳадаги долзарб масалалар, жумладан транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, логистика хизматларини рақамлаштириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди. Шу билан бирга, Президентимизнинг 2025 йил 27 январдаги тегишли қарорида белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.
Якунда очиқ мулоқот натижасида соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва транспорт хизматларининг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.



