Транспорт-логистика марказлари фаолиятини ва транзит йўлакларини ривожлантириш тартиби белгиланди
2025-10-23 14:00:00 / Янгиликлар

Қарор билан Транспорт-логистика марказларини замонавий техника ва ускуналар билан жиҳозлашга доир намунавий талаблар, транспорт-логистика марказлари рейтингини ҳисоблаш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб автомобиль (138 та) ва темир йўл (77 та) транспортида транзит ҳаракатланиш учун мўлжалланган йўлакларнинг рўйхати тасдиқланди.
Қарор ижросини таъминлаш орқали республикадаги транспорт-логистика марказларини ривожлантириш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, уларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда логистика тизимини рақобатбардош қилиш орқали инвесторлар учун жозибадор муҳит яратиш ҳамда Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит ташувларнинг самарадорлигини оширишга эришилади.
Эътиборли тарафи қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари хусусий инвестицияларни жалб этган ҳолда транспорт-логистика марказларини намунавий талаблар асосида ташкил этилишини таъминлаши белгиланди.
Шунингдек, намунавий талаблар билан халқаро ва ҳудудий транспорт-логистика марказлари учун минимал майдон белгиланди, бунда халқаро транспорт-логистика марказлари камида 40 000 м² (4 га) ва ҳудудий транспорт-логистика марказлари камида 30 000 м² (3 га) бўлиши лозимлиги белгиланди.
Шунингдек, ТЛМларнинг майдон ва инфратузилмага қўйиладиган минимал талаблари белгиланди.
Эндиликда юртимизда жойлашган ТЛМларнинг реестри ва рейтинги юритилади. Реестрга намунавий талабларга жавоб берадиган марказлар киритилади ва ҳар йили бир маротаба ТЛМлар рейтинги эълон қилиб борилади.
2025 йил 1 декабрга қадар мавжуд ТЛМлар хатловдан ўтказилади ва уларнинг реестри шакллантирилади, намунавий талабларга жавоб берадиган халқаро транспорт-логистика марказларини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Осиё ва Тинч океан иқтисодий ва ижтимоий комиссиясининг “Қуруқлик портлари” тўғрисидаги ҳукуматлараро битими рўйхатига қўшиш чоралари кўрилади.
Транспорт-логистика марказларини халқаро қуруқлик портлари рўйхатига қўшиш ва қуруқлик порти мақомини бериш орқали республикамизнинг транспорт-логистика марказларини халқаро даражада тан олинишига эришилади.
Транспорт-логистика марказлари учун намунавий талабларнинг белгиланиши республикада уларнинг ҳуқуқий мақоми аниқланишини таъминлаб берди. Намунавий талаблардан фойдаланиш орқали эндиликда транспорт-логистика маркази, терминал ва омбор каби бир бирига фаолияти жиҳатидан яқин бўлган терминлар ўртасидаги фарқларни аниқлаш имконияти яратилди.
Маълумот учун:
Қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг айрим ҳужжатлари ўз кучини йўқотган деб топилди, жумладан 2011 йил 9 декабрдаги 323-сон, 2018 йил 30 июндаги 492-сон ва 2018 йил 15 декабрдаги 1022-сон қарорларига тегишли бандлар.
