Барча темирйўл станциялари номлари давлат тили қоидаларига мувофиқлаштирилади
2025-10-20 15:00:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги ва “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ ҳамда Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича республика комиссиясининг хулосасига кўра, муҳандислик-техника инфратузилмаси объектлари номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 октябрда қабул қилинган 651-сонли қарорида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тизимидаги барча объектларнинг номлари лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси қоидаларига мос шаклда қайта ёзилиши белгиланди.
Хусусан:
• Қўнғирот туманидаги вокзал номи “Кунград” ўрнига “Қўнғирот” деб ёзилади;
• Асака туманидаги темирйўл станцияси “Ассаке” ўрнига “Асака”;
• Пастдарғом туманидаги станция эса “Джума” ўрнига “Жума” тарзида расмийлаштирилади.
Шунингдек, ушбу ўзгаришлар пешлавҳалар, ахборот кўрсаткичлари, электрон маълумот тизимлари ва навигация белгиларида ҳам акс эттирилади.
Қарорга биноан, барча зарур техник ва ташкилий ишлар уч ой муддатда якунланиши белгиланган.
