Ижро интизоми бўйича йиғилиш ўтказилди
2025-10-17 11:00:00 / Янгиликлар

Транспорт вазирнинг биринчи ўринбосари М.Омаров олиб борган йиғилишда вазирлик марказий аппарати вакиллари, тизим ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ҳудуд вакиллари (онлайн тарзда) иштирок этишди.
Унда 2025 йилнинг ўтган даврида ижро интизомининг ҳолати, эришилган натижалар, йўл қўйилган айрим камчиликлар ҳамда ижро интизомини янада мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар таҳлил қилинди.
Вазир биринчи ўринбосари М.Омаров йиғилишда ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этиш ва ижро интизомини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиши, Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини белгиланган муддатларда, тўлақонли ва сифатли таъминлаш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлаш юзасидан барча даражадаги раҳбар ва мутахассисларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 июлдаги “Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–117-сон Фармонида белгиланган вазифалар мазмун-моҳияти иштирокчиларга яна бир бор тушунтирилди.
Тизим орқали назоратга олинган ҳужжатларнинг бажарилиши, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолати муҳокама қилиниб, ҳар бир топшириқ ижросини ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан масъулларга топшириқлар белгиланди.




