Жамоатчилик кенгаши вакиллари Қашқадарё вилоятида
2025-10-02 09:00:00 / Янгиликлар

Дастлаб, Жамоатчилик кенгаши аъзолари Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов қабулида бўлиб, ҳудудда жамоат транспорти тизими ва инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолига қулай ва хавфсиз ташув хизматлари кўрсатишни ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режаларни муҳокама этишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–59 сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида бугун Қашқадарё вилоятида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳудудда жамоат транспорти қамровини кенгайтириш, мақсадида “Қарши шаҳри транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Бош режаси” ишлаб чиқилди ва Халқ Депутатлари вилоят Кенгаши томонидан тасдиқланди.
Бош режага мувофиқ йўналишлар тармоғи қайта шакллантирилиб, 21 та шаҳар автобус йўналиши ташкил этилди. Мазкур йўналишларда қатновлар брутто-шартномаси асосида ташкил этилмоқда. Ҳозирда 8 та йўналишда қатновлар ушбу янги тизим орқали йўлга қўйилган. Йўналишларда жами 96 та замонавий автобус йўловчиларга муносиб хизмат кўрсатмоқда. Йил якунига қадар яна 2 та йўналишда брутто шартномаси асосида қатновлар йўлга қўйилади.
Вилоятда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар томонидан 2024 йилда 58 дона, 2025 йил бошидан бошидан буён эса 26 та замонавий автобуслар харид қилинди. Йил якунига қадар яна 30 та замонавий автобуслар олиб келиниши режалаштирилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14-ноябрдаги “Ҳудудларда жамоат транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 757-сон қарори билан тасдиқланган “Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан автобус бекатларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш Дастури”га мувофиқ жорий йилда Қашқадарё вилоятида жами 48 та автобус оралиқ бекатлари қурилди ва реконструкция қилинди.
Вилоят ҳокими Муротжон Азимов ҳудуд аҳолиси турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилишини таъкидлаб ўтди. Жойларда ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг тизимли амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, юзага келаётган муаммоларни ўрганиб ечими бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, пировардида ҳудудни ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этди.
Шундан сўнг, Жамоатчилик кенгаши аъзолари Қарши шаҳри жамоат транспорти тизими ва инфратузилмаси, автобуслар ҳаракати, янгидан қурилган оралиқ бекатлари ҳолатини жойига чиқиб ўрганиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан аҳоли фикрини ўрганди.





