Халқаро юк ташувларини суғурталашнинг ўзига хос хусусиятлари ва афзалликлари
2025-09-19 11:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27-январдаги "Ўзбекистон Республикасининг транспорт-логистика тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ– 28-сонли қарори 21-бандида белгиланган топшириқ ижроси доирасида ташкил этилган учрашувда автомобиль транспортида юкларни халқаро ташишда юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларда суғурталашнинг аҳамияти ва афзалликлари, ҳамда миллий ташувчилар орасида суғурта маданиятини ошириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Зеро, халқаро юк ташувлари жараёнида кўплаб хавф-хатарлар, жумладан юкнинг шикастланиши, ўғирлик, табиий офатлар, бахтсиз ҳодисалар ва кутилмаган кечикишлар юзага келиши мумкин. Ушбу жараёнда суғурталашнинг асосий мақсади – юкнинг хавфсизлиги ва ўз вақтида етказиб берилишига таъсир қилиши мумкин бўлган кутилмаган ҳолатлар юзага келганда компанияларнинг молиявий йўқотишларини минималлаштиришга ёрдам беришдан иборатдир.
Учрашувда суғурта компаниялари мутахассислари суғурта турлари, уларнинг ўзига хос жиҳатлари тўғрисидаги тақдимотлар билан иштирок этишди.
Шунингдек, Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази мутахассислари мамлакатимизнинг транспорт-логистика тизимини рақамлаштириш доирасида юк ташувлари шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида ишга туширилган E-logistika рақамли платформаси тўғрисида батафсил маълумот беришди.
Мазкур платформа орқали юк ташувлари ва логистика хизматлари тўлиқ рақамлаштирилган. E-logistika платформаси юк жўнатувчилар, ташувчилар ва қабул қилувчилар учун харажатларни камайтириш, ташув жараёнларини тезлаштириш ва логистика хизматлари сифатини яхшилашга имкон беради.








