Ўзбекистоннинг илк учувчи талабалар гуруҳи ўқишни давом эттириш учун Корея аэрокосмик университетига юборилди
2025-09-02 11:00:00 / Янгиликлар

Мазкур дастур 2023 йилда Транспорт вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, замонавий талаблар асосида хорижий тажрибага асосланган ҳолда учувчилик бўйича Ўзбекистон миллий кадрлари захирасини яратишга қаратилган.
Парвоз эксплуатацияси йўналишида учувчилик бўйича 1-курс билимларини Тошкент давлат транспорт университетида олган ушбу талабалар 2 ҳамда 3-курсларда таҳсил олишни Корея аэрокосмик университетида давом эттириб, назарий билимларга қўшимча равишда парвоз амалиётларини бошлашади.
Талабаларга Корея аэрокосмик университети профессор-ўқитувчилари билан бир қаторда “Korean Air” ҳамда “Asiana Airlines” авиакомпаниялари учувчи-инструкторлари томонидан билим берилади. Корея аэрокосмик университети “Korean Air” авиакомпанияси тасарруфида бўлиб, “Korean Air” ва “Asiana Airlines” авиакомпаниялари ҳамда Корея Республикаси Ҳарбий ҳаво кучлари учун учувчилар тайёрлаш бўйича таянч олий билим юрти ҳисобланади.
Корея аэрокосмик университетида 3 курсни муваффақиятли битирган талабалар Ўзбекистонга қайтиб 4 курсда парвоз амалиётларини давом эттиришади. Ўқишни муваффақиятли тугатган талабаларга учувчилик гувоҳномаси, Транспорт университети дипломи ҳамда Корея аэрокосмик университетлари дипломлари топширилади.
Маълумот учун: Корея аэрокосмик университети 1952 йилда ташкил этилган бўлиб университетда Кореялик талабалар билан бир қаторда АҚШ, Хитой ва Тинч океани ҳавзаси мамлакатлари, Миср, Лотин Америкаси мамлакатлари ҳамда Европа мамлакатларидан келган талабалар таҳсил олади.
Университет учувчилар тайёрлаш бўйича ўзнинг Сусек, Улжин ҳамда Жежу-до ўқув машқ марказларига эга бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзининг аэродромлари, 60 дан ортиқ симуляторлари ҳамда 50 дан ортиқ бир ва икки моторли кичик авиация ҳаво кемалари ва 5 та реактив двигателли ҳаво кемаларига эга.
Университет нафақат учувчилар, шунингдек, борт кузатувчилари, авиация муҳандислари, авиация менежменти, халқаро авиация ҳуқуқи ва шу каби бошқа йўналишларда ҳамда мутахассисларни тайёрлаб келади. Университет илм-фан соҳасида бир қатор йўналишларда фаолият юритиш билан бирга илғор технологиялар соҳасидаги KAI-Korea Aerospace industry, KARI-Korea Aerospace Resesrch institute, Samsung, LG, Hyundai, KIA ва шу каби бир қатор йирик компанияларнинг янги маҳсулотларини лойиҳалаштириш ва уларга муҳандислик ечимларини бериш, Корея ва хорижий мамлакатлар ҳудудида аэропортлар, космодромлар, улар атрофидаги шаҳар инфратузилмаси, йўл ва кўприклар қурилишини лойиҳалаштириш ва уларга муҳандислик ечимларини бериш билан ҳам шуғулланиб келади.



