Ўзбекистон ва Индонезия авиация ҳукуматлари ўртасида янги келишув имзоланди
2025-08-05 14:00:00 / Янгиликлар

Мазкур топшириқ ижроси доирасида Транспорт вазирлиги делегациясининг навбатдаги учрашуви Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон ва Индонезия Республикалари авиация ҳукуматлари ўртасида икки томонлама ҳамкорлик ва ҳаво қатновларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Музокараларда икки давлат Транспорт вазирликлари делегациялари, Индонезия Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, Ўзбекистон Республикасининг Индонезия Республикасидаги элчиси О.Эшонов ҳамда элчихона вакиллари, Индонезиянинг Garuda Indonesia, Air Asia, Batik Air каби қатор авиакомпания вакиллари иштирок этди.
Музокараларда икки давлат ўртасида фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, Ҳаво қатнови тўғрисидаги икки томонлама битимда авиакомпаниялар сони ҳамда парвоз манзилларига қўйилган чекловларни бекор қилиш, мунтазам авиақатновларни қайта тиклаш, парвозлар географиясини кенгайтириш, тайинланган авиакомпанияларга парвозлар учун тегишли ҳуқуқларни бериш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.
Учрашувда давомида Индонезия томонига Ўзбекистонда “Зиёрат туризми” ҳамда фуқаро авиация соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Индонезия авиакомпаниялари вакиллари билан ўтказилган алоҳида учрашувларда уларнинг Ўзбекистонга парвозларини йўлга қўйиш, Ўзбекистон авиакомпаниялари ҳамда туроператорлари билан ҳамкорликда “Умра плюс” дастурини амалга ошириш, ҳамда Марказий Осиёлик туристларни Ўзбекистон аэропортлари орқали Индонезия туристик шаҳарларига ҳамкорликда ташишни йўлга қўйиш билан боғлиқ жиҳатлар кўриб чиқилди.
Музокаралар якунига кўра авиация ҳукуматлари ўртасида тегишли ҳужжатлар имзоланди ва қуйидаги келишувларга эришилди:
- Ҳаво қатнови тўғрисидаги икки томонлама битимда авиакомпаниялар сонига қўйилган чекловларни бекор қилиш ва мазкур шартни авиация ҳукуматларининг ваколати асосида кучга киритиш бўйича зудлик билан келишув имзолаш;
- Ҳаво қатнови тўғрисидаги икки томонлама битимга киритилган ўзгаришларни эса ўрнатилган тартибда амалдаги қонунчилик талаблари асосида икки давлат ички келишувлар жараёнларини амалга ошириш ёки дипломатик ноталар алмашинуви орқали қабул қилиш, унга қадар парвозларни икки давлат авиация ҳукуматлари ўртасида имзоланган янги келишув доирасида амалга ошириш;
- Ўзбекистон томонидан тайинланган авиакомпанияларлар учун битимдаги Жакарта шаҳрига қўшимча равишда аҳоли қатлами зич жойлашган энг йирик туристик ва саноатлашган Денпасар, Сурабая, Медан, Ёгякарта, Мажаленгка, Банда Асех, Танжунг Пандан, Ломбок ва қўшимча исталган иккита шаҳарларни парвоз манзили этиб белгилаш;
- Индонезия томонидан тайинланган авиакомпаниялари учун Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларига парвоз қилиш ҳуқуқини бериш;
- “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва Индонезия авиация ҳукумати ўртасида 1995 йилда имзоланган “Келишув” шартларига мувофиқ барча турдаги авиақатновлар учун ҳафтасига 3 марта этиб белгиланган частоталарни янги келишув асосида ҳар бир томон авиакомпаниялари учун 28 тага (жами 56 та) ошириш ва уларни ярмини йўловчи, қолган ярмини эса юк ташиш учун белгилаш;
- Барча авиакомпаниялар учун авиақатновларни ҳаво кемасининг йўловчи ва юк сиғими бўйича чекловларсиз парвозларни амалга оширишига рухсат бериш;
- Юқорида қайд этилган авиакомпания ва авиация ҳукумати ўртасида 1995 йилда имзоланган келишувни бекор қилиш ва барча парвозларни янги келишув шартлари асосида амалга ошириш;
- Денпасар йўналишида амалга ошириладиган авиақатновларнинг 50 фоизини Code Share асосида амалга ошириш;
- Юк ташиш авиақатновлари учун ҳар икки томон авиакомпанияларига учинчи, тўртинчи ва бешинчи ҳаво эркинликларини бериш;
- Келгусида авиақатновлар ҳажмини ошириш ҳамда қўшимча авиакомпанияларни тайинлаш масалаларини ўзаро хат алмашиш йўли билан ҳал этиш.
Эришилган келишувлар келгусида икки давлат ўртасида авиақатновларни бажарувчи авиакомпаниялар сонини кўпайтириш, “Умра плюс” дастурини амалга ошириш орқали Зиёрат туризмини ривожлантириш, авиақатновларда ҳар икки томонлама йўловчи ва юк ташиш ҳажмларини ошириш, туристларнинг эркин ҳаракатланиши ҳамда икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларнинг янада ривожланишига катта туртки бўлиб хизмат қилади.
Маълумот учун: Бугунги кунда Ўзбекистоннинг "Qanot Sharq" авиакомпанияси Тошкент-Денпасар (Бали) йўналишида "Asialux travel" туристик компанияси билан ҳамкорликда мавсумий туристик чартер парвозларини амалга ошириб келмоқда. Айни вақтда Ўзбекистон Республикасининг Индонезиядаги элчихонаси томонидан мамлакатимиз туристик салоҳиятини жаҳонга танитиш ва мамлакат туризмига бўлган хорижий талабни ошириш мақсадида Индонезия туризм бозорида кенг кўламли тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.






